45244

Олий Мажлис Конунчилик палатаси фракциялар нега баҳсга киришиб кетди?

Ўзбекистон 26 июль 15:50 727

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётига дахлдор бир қатор долзарб қонун лойиҳалари кўриб чиқилган эди. Кун тартибига киритилган масалалардан бири «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 511-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси айниқса қуйи палатадаги барча сиёсий партия фракциялари ўртасида қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлди.

Олий суд томонидан киритилган мазкур қонун лойиҳасида ногиронлиги бўлган шахсларнинг инженерлик, транспорт ва ижтимоий инфратузилма объектларидан тўсқинликсиз фойдалана олишини таъминлаш бўйича талабларини бажаришдан бўйин товлаганлик, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш таклиф этилмоқда. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларга юқоридаги каби қулайликларни яратиш бўйича талабларни бажармаслик – мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн беш бараваридан (амалда ўн баравар) йигирма бараваригача (амалда ўн беш бараваригача) миқдорда, худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан (амалда ўн беш баравар) қирқ бараваригача (ўттиз баравар) миқдорда жарима солишга сабаб бўлишини кўзда тутади.

Муҳокамалар чоғида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзолари ногиронлиги бўлган шахслар давлатимиз, жамиятимизнинг доимий эътиборида бўлиб келаётганини таъкидлаш билан бирга, масаланинг бошқа жиҳатларига ҳам эътибор қаратдилар. Хусусан, мазкур лойиҳани қабул қилишдан аввал жамиятимизнинг бунга тайёрлиги ҳамда шарт-шароитларни ҳам ҳисобга олиш мақсадга мувофиқлигини қайд этдилар. Айни пайтда бу қонун лойиҳаси қабул қилинса, тадбиркорлар, айниқса, бугунги кунда кўпчиликни ташкил этадиган, кичик бизнес субъектлари ҳамда йирик бўлмаган ижтимоий инфратузилма объектлари эгалари учун қатор муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Ҳозирда айрим давлат идоралари ҳамда тадбиркорлик субъектлари кўп қаватли уйларда, баланд қаватларда жойлашган. Фракция аъзоларининг фикрича, дейлик, мослаштирилмаган, илгаридан лойиҳалаштириб бўлинган бундай бино ва иншоотларда фаолият юритиб келаётган тадбиркорлик субъектлари учун ногиронлиги бўлган шахсларга тўсқинликсиз фойдаланишда барча имкониятни яратиб беришнинг имкони мавжуд эмаслигини ҳисобга олиш лозим. Фаракция аъзолари қонун лойиҳасида мамлакатимиз иқтисодиётининг таянчларидан ҳисобланган тадбиркорлик субъектларининг манфаатлари ҳам албатта инобатга олиниши лозимлигини билдирдилар. Шунингдек, қонуннинг амалдаги нормаларини қолдириш мақсадга мувофиқ эканини таъкидладилар.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари эса, мазкур қонун лойиҳаси мамлакатимизнинг инсонпарварлик сиёсатига ҳамоҳанг тарзда ногиронлиги бўлган шахслар манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар. Бироқ ҳозирги кунда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий инфратузилма объектларидан фойдаланишидаги муаммолар туфайли электорат вакиллари барча фуқаролар каби тенг имкониятга эга эмаслигига эътибор қаратдилар. Шунингдек, қонун лойиҳасидан кўзланган асосий мақсад жарима миқдорини кўпайтириш эмас, балки ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришда тенг шароитларни таъминлаш, ижтимоий инфратузилма объектларидан тўсқинликсиз, эркин фойдаланиш имконини яратишга қаратилганини қайд этиб, лойиҳани қўллаб-қувватлаш таклифини билдирдилар.

“Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзолари қонун лойиҳасининг жарима солиш амалиёти ва механизми хусусида тўхталиб ўтишди. Қонун лойиҳасида ногиронлиги бўлган шахсларга инженерлик, транспорт ва ижтимоий инфратузилма объектларидан тўсқинликсиз фойдалана олишини таъминлаш бўйича талабларини бажаришдан бўйин товлаганлик, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузганлик учун маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ваколати Меҳнат вазирлигининг меҳнат бўйича давлат техник инспекторлари ва меҳнат шарт-шароитлари давлат экспертизаси мансабдор шахсларига берилмоқда. Ҳолбуки, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари билан собиқ Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги илгари шуғулланган. Кейинчалик эса бу ваколат Соғлиқни сақлаш вазирлигига ўтказилган. Шундай экан, фракция аъзоларининг фикрича, ногиронлиги бўлган шахсларга муносиб шароит яратилиши устидан назорат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалга оширилиши мақсадга мувофиқ.

“Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари масаланинг мамлакатимиз аҳолиси учун муҳим аҳамиятга эга эканини ҳисобга олиб, кенг жамоатчилик фикрини ҳам ўрганиш лозимлигини қайд этдилар. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида бу борада Вазирлар Маҳкамасига қатор вазифалар белгилаб берилгани, аввало, мазкур вазифаларнинг ижроси қай тариқа баражарилаётганини ўрганиш юзасидан Ҳукуматга сўров юбориш мақсадга мувофиқ, деган якдил фикрга келдилар.

Бир сўз билан айтганда, фракциялараро баҳс-мунозаралар «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 511-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси шошма-шошарлик билан, пала-партиш қабул қилиб бўлмайдиган ҳужжат эканини, масалани ҳар томонлама чуқур ўрганиш, мавжуд шароитларни ҳисобга олиш фойдадан холи эмаслигини кўрсатди.

Изоҳ билдириш