45103

Ўзбекистон мусулмонлари идораси имом-хатибларнинг ишдан бўшаш сабабларини маълум қилди

Ўзбекистон 25 июль 9:57 1 259

Сирдарё вилоятида 3 нафар диний маълумотга эга бўлмаган киши имомлик қилаётгани, 4 та масжидда имом-хатиб вазифаси вакантлиги, ФҲДЁ органидан рўйхатдан ўтмаган шахсларга никоҳ ўқиш кузатилгани, ажримлар сони ортгани ва айрим имомлар намозхонларга қўпол муомалада бўлаётгани аниқланган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар ва расмий хатлар орқали айрим имом-хатибларнинг ишдан бўшаш сабабларини сўраб кўплаб мурожаатлар келиб тушаётганини маълум қилди ва бу саволларга ойдинлик киритди.

Идоранинг маълум қилишича, айрим имом-хатиблардаги ўзибўларчиликка берилиш, лоқайдликка йўл қўйиш ва сусткашлик қилиш каби ҳолатлар кўпчиликнинг дилини хира қилмоқда.

“Тан олиш керак, Ислом дини маърифатини кенг тарғиб этиш, халқимизнинг талаб-истакларини қондириш ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ишига барча имом-хатиблар бирдек ёндошмаётгани маълум бўлмоқда. Ҳукуматимиз диний соҳа ривожи учун бир қатор шарт-шароитларни муҳайё этиб бермоқдаки, бир вақтлар хаёл ҳам қилиб бўлмайдиган ишлар бугун кўз ўнгимизда намоён бўлмоқда. Лекин мана шундай қулайлик ва енгилликларга зид равишда айрим масжидлардаги нохуш манзаралар ва имом-хатиблар фаолиятидаги нуқсонлар кўнгилни ранжитмоқда. Баъзи масжидларнинг қаровсизлиги, айрим имом-домлаларнинг бепарволиги юқоридаги мулоҳазаларни тасдиқлайди”, – дейилади идора баёнотида.

Идоранинг маълум қилишича, Сирдарё вилоятида 3 нафар диний маълумотга эга бўлмаган киши имомлик қилаётгани, 4 та масжидда имом-хатиб вазифаси вакантлиги, ФҲДЁ органидан рўйхатдан ўтмаган шахсларга никоҳ ўқиш кузатилгани, ажримлар сони ортгани ва айрим имомлар намозхонларга қўпол муомалада бўлаётгани аниқланган. Шунинг учун Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Мўминжон домла Усмонов эгаллаб турган вазифасидан озод этилган.

Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби Одилхон қори Исмоилов ҳам масжид тартиб-интизомига риоя этмагани, кундалик намозларда мунтазам бўлмагани, тасдиқланмаган хабарларни интернет орқали тарқатиш каби нуқсонлар ҳамда беморлиги важидан вазифани уддалай олмаётгани сабабли ишдан олинган.

Фарғона вилояти Фарғона тумани бош имом-хатиби Ҳасанбой Ашуров ҳам топшириқларни пайсалга солиши, итоатсизлиги ва муомала маданияти имомликка нолойиқ бўлгани учун ишдан кетди. Шунингдек, Самарқанд туманидаги “Имоми Аъзам” жоме масжиди имом-хатиби Абдураҳим Пўлатов каби имом-хатиблар ҳам мана шундай хато-камчиликлар туфайли улар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди.

“Аслида имом-домлаларнинг ишдан бўшаш сабабларини шундай очиқлашни истамаган эдик. Лекин интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги очиқдан-очиқ сўровлар, мурожаатлар мана шундай қилишга мажбур этди. Хулоса, мўмин-мусулмонлар томонидан имом-хатибларга берилган ишончни оқлаш вожиб. Бунинг учун зиммадаги масъулиятни бажариш, вазифани адо қилиш зарур. Бу йўлда тинимсиз меҳнат, итоат ва касб-маҳоратни ошириб бориш талаб этилади”, – дейилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси баёнотида.

Изоҳ билдириш