4488

Олмазор туманида янги савдо маркази барпо этилади

Ўзбекистон 21 апрель 22:13 389

Шавкат Мирзиёев 21 апрель куни Олмазор туманида барпо этиладиган янги савдо маркази ва кўп қаватли уйлар лойиҳалари билан танишди.

Олмазор туманининг Нурафшон ва Форобий кўчалари кесишган жойда уч қаватли «Эски шаҳар» савдо маркази барпо этилади. Бу ерда харидорларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида кафе, галерея, болалар ўйин майдончалари, автомобиллар тўхташ жойи ва бошқа объектлар қурилади. Марказ ишга тушгач, 250 киши иш билан таъминланади. Бу ҳақида Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Давлат раҳбари мазкур савдо комплекси қуриладиган жойни кўздан кечирди. Марказнинг учинчи қаватида «Китоб олами» дўкони ва тарихий фильмлар намойиш қилинадиган кинозал барпо этиш кераклигини таъкидлади.

«Пойтахтимизда бундай йирик иншоотни барпо этишдан мақсад Эски шаҳар аҳолисининг турмуш фаровонлигини янада оширишдир. Бунинг учун комплексни замонавий архитектура талаблари асосида мукаммал қуриш, атрофини ободонлаштириш, одамларга қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратиш зарур», деди Шавкат Мирзиёев.

Мутасадди раҳбарларга 2018 йил Наврўз байрамигача мазкур объектни фойдаланишга топшириш бўйича топшириқлар берилди.

Изоҳ билдириш