44864

Коррупцияга қарши халқнинг ўзи курашмоғи керак!

Ўзбекистон 19 июль 8:51 460

Тараққиётнинг бугунги янги босқичида давлат идоралари ходимлари, мансабдор шахслар зиммасига замонга монанд вазифалар юкланмоқда. Айни пайтда уларга шунга яраша катта ишонч ҳам билдирилаётгани бежиз эмас. албатта. Зеро юрт тараққиёти, халқ фаровонлигини таъминлашдек эзгу мақсадлар кўзланган ҳолда шундай иш тутиляпти. Кўплаб раҳбар ходимлар ана шу ишонч туфайли жонини жабборга бериб, астойдил меҳнат қиляпти, десам янглишмайман. Сўнгги икки йил ичида ҳамманинг кўз ўнгида рўй бераётган асрга татигулик ўзгаришлар фикримни тасдиқлайди.

Аммо, аччиқ бўлса-да тан олиш керак, бугунги ислоҳотлар моҳиятини англамаган, эгаллаб турган лавозимидан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиб қолиш учун ваколатларини суиистеъмол қилаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди.

Жамиятни таназзулга олиб борадиган жирканч иллат – коррупцияга аралашиб қолаётган раҳбарлар кимлар? Мудом бу саволга жавоб излар экансан танти халқимиз, Президентимиз ишонч билдирган айрим юқори лавозимдаги амалдроларнинг порахўрлик ва коррупцияга аралашиб қолаётганидан ёқа ушлайсан киши.

Хўш, нега шундай бўляпти? Нима, улар коррупция учун жазо муқаррарлигини билишмайдими? Ёки қонунларимиз мўртми?

Келинг, шу ўринда бир мулоҳаза қилиб кўрайлик.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан бу борада қатъий позиция белгиланди. Давлатимиз раҳбарининг Президент сифатида имзолаган илк қонун ҳам айнан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун бўлгани бежиз эмас. Бундан ташқари, “Давлат харидлари тўғрисида”ги, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Прокуратура тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар ҳам бевосита жамиятимизда коррупцияга чек қўйиш, тамагирлик, таниш-билишчилик каби иллатларга барҳам беришни назарда тутади.

Яна бир муҳим омил шуки, юртимизда давлат хизматларини кўрсатиш соҳаси ислоҳ қилинмоқда. Бу борада ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш йўли билан мансабдор шахсларнинг давлат хизматидан фойдаланувчилар билан бевосита алоқага киришини қисқартириш чоралари кўрилмоқда.

Бироқ коррупцияга қарши курашишда фақат давлат назоратини ўрнатиш билан масала ҳал бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Чунончи, муайян давлат органи устидан назоратни фақатгина яна бошқа бир давлат органи эмас, балки бевосита жамоатчиликнинг ўзи ҳам олиб бориши кўпроқ самара беради, деб ўйлайман.

Тан олиш керак, бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали айрим давлат органлари ва улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракати кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилиб борилмоқда. Масалан, айнан интернетдаги муҳокамалар туфайли Сирдарё, Андижон ва бошқа айрим вилоятлардаги юқори мансабдорларнинг қонунга зид хатти-ҳаракати жамоатчиликка ошкор бўлди.

Жамоатчилик назорати, албатта, фақат муайян мансабдор шахснинг оммавий тарзда содир этадиган хатти-ҳаракатини муҳокама қилишдан иборат эмас. Бу борада мансабдор шахсларнинг кўзга кўринмайдиган, қонунга хилоф ишларини фош этишга қодир бўлган профессионал нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам иштироки муҳим. Улар нафақат аҳоли ўртасида тарғибот олиб бориши, балки чуқур таҳлиллари орқали “яширин иқтисодиёт” ва “коррупция”ни очиб бериши, унинг олдини олишда ҳар томонлама кўмаклашиши зарур.

2018 йилда қабул қилинган “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунда давлат органлари устидан жамоатчилик назоратини олиб боришнинг 8 та шакли белгилаб қўйилган. Аммо жамоатчилик назоратининг асосий субъектлари бўлмиш нодавлат нотижорат ташкилотлари қонуний ваколати бўлса-да, “давлат органларига сўровлар”, “давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш”, “Жамоатчилик мониторинги” каби назорат шаклларидан самарали фойдаланмаяпти. Эҳтимол, уларнинг бу борадаги фаоллиги сустлигига бошқа омиллар сабаб бўлаётгандир?

Назаримда, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, уларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш учун устав мақсадлари доирасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганда солиқ имтиёзлари бериш, керак бўлса, маҳаллий бюжетлардан ҳам ҳар йили маблағ ажратилишини қонуний мустаҳкамлаш ҳар томонлама фойдалидир.

Яна бир муҳим жиҳат. Эндиликда депутатлик корпуси томонидан ижро ҳокимияти устидан лозим даражада вакиллик назорати йўлга қўйилиши мақсадга мувофиқдир. Шунда ҳокимларнинг халқ вакиллари олдидаги ҳисобдорлиги амалда таъминланади, ҳар хил коррупцион фаолиятларнинг олди олинади.

Аслида ижро ҳокимиятининг халқ вакиллари олдида ҳисобдорлигини таъминлаш мақсадида 2015 йил 9 июнда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунга ҳокимнинг вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини халқ депутатлари Кенгаши томонидан эшитишни назарда тутувчи янги 251-модда киритилган эди. Шунга кўра, ҳудудий вакиллик органларида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг ҳисоботларини доимий равишда эшитиш амалиёти йўлга қўйилмоқда. Бироқ шунга қарамай, ҳали-ҳануз халқ депутатлари Кенгаши депутатлари ижро ҳокимиятидан тўла мустақил, дея олмаймиз. Оддий мисол, бугунги кунда сессиялар оралиғида депутатни жавобгарликка тортишга рухсат халқ депутатлари Кенгаши раҳбари – ҳоким томонидан берилмоқда. Бундай шароитда ҳоким устидан депутатлик назорати ҳақида гапиришнинг ўзи ортиқча.

Масалан, 2015-2017 йиллар давомида республикада халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг айрим депутатларига нисбатан жиноий жавобгарликка тортишга, ушлаб туришга, қамоққа олишга ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазони қўллашга сўралган розиликларнинг 60 фоизига сессиялар оралиғида кенгаш раҳбари – ҳокимлар томонидан рухсат берилган.

Шу сабабли, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддасига ўзгартириш киритиш, бунда депутатни жавобгарликка тортишга рухсат бериш масаласини фақат сессияларда кўриб чиқиш лозимлигини мустаҳкамлаб қўйиш зарур.

Президентимиз ташаббуси билан кўтарилган “ҳокимнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органи раҳбари сифатидаги мақомини бекор қилиш” масаласини эса тезроқ ҳал этиш мақсадга мувофиқдир.

Жаҳонгир ШИРИНОВ

Изоҳ билдириш