44852

Жорий йилнинг ўтган даврида республикамизда содир бўлган ёнғинлар ҳақида маълум қилинди

Ўзбекистон 19 июль 8:35 308

Жорий йилнинг ўтган даврида республикамизда 5772 та ёнғинлар содир бўлиб, уларда кўрилган умумий зарар миқдори 48 538 290 039 сўмни, тан жароҳати олганлар эса икки юз нафар кишини ташкил этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 майдаги «Ёнғин хавфсизлиги соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ аҳоли, тадбиркорлар, давлат органларининг ёнғинларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш борасидаги кўникма ва малакаларини тизимли равишда такомиллаштириб боришга катта эътибор қаратилмоқда.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институти профессор-ўқитувчилари томонидан республикамиз ҳудудларидаги объектлар раҳбарларининг ёнғин хавфсизлиги асослари бўйича ўқитиш учун ҳар ойда сайёр ўқув-амалий йиғинлари ташкил этилмоқда ва уларга тегишли сертификатлар берилмоқда.

Сайёр ўқув-амалий йиғинларни юқори савияда ўтказиш учун Ёнғин хавфсизлиги институтининг 16 нафар малакали профессор-ўқитувчилар таркиби жалб этилган. Ушбу тадбирлар 9-18 июль кунлари ташкил этилган йиғинлар давомида ёнғин ўчириш амалий-тактик кўргазмали машқлари ўтказилиб, уларга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва бошқа тегишли ташкилот ва муассасалар ҳам жалб этилди.

Ёнғин хавфсизлиги институтида ўқув жараёнларини такомиллаштириш, янги дарсликлар ва услубий қўлланмаларни ишлаб чиқиш учун албатта, жойлардаги вазият билан яқиндан танишиш катта аҳамиятга эга. Институт профессор-ўқитувчилари Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати шахсий таркиби билан – ёнғинлар профилактикасининг илғор шакл ва усулларини жорий этиш, ёнғин ўчиришга жалб қилинадиган куч ва воситаларни бошқариш ҳамда улардан самарали фойдаланишга эътибор қаратишмоқда. Бундан ташқари, ёнғин назорати ва ёнғинларни ўчириш соҳасига замонавий илмий-техника ютуқлари ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, шунингдек, ёнғинлар профилактикаси ва ёнғинларни ўчиришда юзага келаётган муаммоли вазиятлар, уларга сабаб бўлувчи омиллар атрофлича таҳлил қилинмоқда.

Бу борада маҳаллаларда аҳолининг кенг қатлами билан ёнғинларга йўл қўймаслик, унинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган тарғибот-ташқивот ишлари кутилган натижаларни бериши, шубҳасиз.

Изоҳ билдириш