44709

Нима учун «Indesit» – «Artel»га алмаштирилди?

Ўзбекистон 16 июль 12:07 738

Марғилон шаҳри Ипакчилар шаҳарчаси ҳудудида жойлашган «Файз» МЧЖ товар буюм бозори бугунги кунда халқимизнинг турли озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириб келмоқда. Халқ тилида бу ҳудудда жойлашган бозорларни умумий ном билан «Комбинат бозори» деб номланади.

Фарғона шаҳри Янги аср кўчасида яшовчи Нигора Ғаффорова ҳам мазкур бозордан яхши ниятлар билан 2648000 (икки миллион олти юз қирқ саккиз минг) сўмга «Indesit» русумли музлатгич харид қилганди. Истеъмолчи музлатгич йўриқномаси билан яхшилаб танишиб чиққач, музлатгични уйга олиб келинган куни ишлатмаган (йўриқномада ёзиладиганидек уй шароитига мослаштирган), иккинчи куни электр тармоғига улаган. Ишлатиш жараёнида музлатгичнинг музхонаси бир маромда ишласа, унинг асосий хонаси яхши ишламаган. Истеъмолчи ушбу ҳолат юзасидан сотувчига телефон орқали мурожаат қилган.

Сотувчи унга бу ҳолатда нима ишлар қилиш кераклиги юзасидан маслаҳатларини берган. Шундан сўнг хонадонга уста чақирилган. Уста «музлатгичнинг фреони оқиб кетганлигини» билдирган. Қўйингки, истеъмолчининг ўз ёнидан қўшимча пул сарфлаб музлатгични сервис марказига олиб бориши ҳам натижа бермагач, у Федерациянинг 1091 қисқа рақамли «ишонч телефони»га мурожаат қилган.
Мурожаат тегишлилиги бўйича Марғилон шаҳар истеъмолчилар уҳқуқларини иҳмоя қилиш жамияти ходимлари томонидан ўрганилиши жараёнида, сотувчига Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг уҳқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунининг 4 ва 13-моддаларига асосан истеъмолчининг қандай ҳуқуқларга эгалиги юзасидан тушунтиришлар берилди.

Истеъмолчининг талаби – нуқсонли товарни алмаштириш эканлиги тўғрисида ҳам унга етказилди. Сотувчи ва истеъмолчи ўртасида келишувга эришилиб, «Indesit» русумли музлатгич «Artel» русумли музлатгичга алмаштирилди.

Maълумки, қонуннинг 17-моддасида истеъмолчига нуқсонли товар сотилганда у билан ҳисоб-китоб қилиш шартлари кўрсатиб ўтилган. Мазкур модданинг бешинчи қисмида «Ҳажми катта ёки вазни беш килограммдан зиёд товарни таъмирлаш, нархини тушириш, алмаштириш учун элтиш ва истеъмолчига қайтариб келтириб бериш сотувчининг (ишлаб чиқарувчининг) кучи билан ва унинг ҳисобидан амалга оширилади.

Ушбу мажбурият бажарилмаган тақдирда товарни элтиш ва қайтариб олиб келиш истеъмолчи томонидан амалга оширилиши мумкин Бунда истеъмолчининг товарни элтиш ва қайтариб олиб кетиш билан боғлиқ харажатларини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) қоплаши шарт»лиги белгилаб қўйилган. Қонуннинг ана шу талабларидан келиб чиқиб, сотувчига истеъмолчининг нуқсонли товарни таъмирлатиш, алмаштириш учун элтиш каби ҳолатлар бўйича ўз ёнидан сарфлаган 50000 (эллик минг) сўм пулини истеъмолчига қоплаб бериши лозимлиги ҳам тушунтирилди. Қонун талабларини тўғри англаб етган сотувчи истеъмолчининг мазкур талабини ҳам қондирди

Изоҳ билдириш