43992

Ички ишлар вазирлиги Каттақўрғон воқеасига расмий муносабат билдирди

Ўзбекистон 6 июль 10:24 4 240

Ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган — Каттақўрғон шаҳар Ички ишлар бўлими жиноят қидирув бўлими тезкор вакили гумондор аёлни таҳқирлангани ҳақида хабар берган эдик.

Ушбу воқеага Ишки ишлар вазирлиги ҳам расмий муносабат билдирди.

Ҳеч бир жамиятда инсон қадр-қиммати таҳқирланмаслиги, ҳар қандай шароитда ҳам инсон шаъни қадрланиши, унинг ҳуқуқлари тўла кафолатланиши белгиланган. Лекин, баъзи бир нопок ходимлар томонидан қонун бузилиши ҳолатлари содир этилаётгани жуда ҳам ачинарли.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган воқеа – фуқаро Т.Н.га нисбатан содир этилган ножўя хатти-ҳаракатлар юзасидан ўтказилган текширув натижаларига кўра, ҳолат Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳар Ички ишлар бўлими жиноят қидирув бўлими тезкор вакили капитан Санъат Умаров томонидан содир этилганлиги аниқланди.

Бугунги кунда Санъат Умаров ички ишлар органларидан салбий ҳаракатлари учун бўшатилган. Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан бундай салбий ҳолатларни аниқлаш, олдини олиш ва ички ишлар органлари сафларини нопок, тасодифан кириб қолган ходимлардан тозалаш мақсадида, доимий равишда кескин чоралар кўриб борилади, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонова ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилгани, қонун доирасида энг қатъий чоралар кўрилиши ҳақида маълум қилган эди.

 

Изоҳ билдириш