43980

​Олий ҳарбий таълим муассасаларига қабул учун тест синовлари бўлиб ўтди

Ўзбекистон 6 июль 9:51 410

5 июль куни мамлакатдаги барча олий ҳарбий таълим муассасалари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академияси, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Махсус факультетида таҳсил олишни истовчи номзодлар учун тест синовлари ўтказилди.

Қуролли Кучлар академиясига ўқишга кириш тест синовлари Юнусобод туманидаги олий ўқув юртлариаро спорт мажмуасида ўтказилиб, унда 1000 дан ортиқ номзод иштирок этди. Мудофаа вазирилиги тизимидаги олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун жами 3000 дан ортиқ тест топширувчи ўз билимини синаб қўрди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 26 майда «Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидалари тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарори билан жорий этилган янгича тартибга асосан, «Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидалари тўғрисида»ги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганди.

Мудофаа вазирлиги томонидан вазирликнинг олий ҳарбий таълим муассасаларига номзодларни танлаш ягона танлов асосида, кириш тест синовлари натижалари бўйича тўпланган балларга мувофиқ, амалга оширилади. Шунингдек, Мудофаа вазирлигининг олий ҳарбий таълим муассасасида ўтказилган тест синовлари натижалари баллар пасайиши тартибида, таълим муассасалари бўйича ажратилмасдан битта “ведомость”да тақдим этилади. Бу — олий ҳарбий таълим муассасаларига фақат энг муносиб номзодни саралаб олишда муҳим омил ҳисобланади.

“Олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун бу йилги тест синовлари катта сиғимли спорт мажмуаларида ўтказилмоқда. Бу синовларнинг ошкоралиги ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади. Тест синовлари ўтказилаётган мазкур иншоотларига 24 стационар ва иккита 360 даражага айланувчи камера ўрнатилган бўлиб, онлайн кузатув ҳам амалга оширилмоқда. Курсантликка номзодлар уч соату йигирма дақиқа вақт ичида ҳар бири 36 саволдан иборат тўртта фан бўйича тест топширадилар. Натижаларни 6 июль куни эълон қилиш режалаштирилган”, — дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази бўлим мудири ўринбосари Давронбек Сержанов.

Изоҳ билдириш