43894

Ж.Артикходжаев 13 нафар юртдошларимизга фуқаролик паспортларини топширди

Ўзбекистон 5 июль 14:00 346

Эрта тонгдан ҳокимлик биносига ошиққан ўн уч нафар фуқаронинг орзулари ушалди. Улар Ўзбекистон Республикаси фуқароси деган номга мушарраф бўлдилар ва ўзларига тегишли бўлган фуқаролик паспортларини катта ҳаяжон билан қабул қилиб олишди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июндаги “Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ пойтахтимиздан 13 нафар шахснинг аризалари қаноатлантирилиб, улар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди.

Фуқаролик паспортларини шаҳар ҳокими Ж.Артикходжаев топширди

Тадбирда иштирок этган шаҳар фаоллари, депутатлар, жамоатчилик вакиллари мазкур фармоннинг беқиёс аҳамияти, инсонпарварлик тамойилларига мослиги, юрт равнақи, фуқаролар ва миллатлараро тотувликка қўшган бебаҳо ҳиссаси ҳақида тўлқинланиб гапирдилар.

– Фуқаролигим бўлмагани боис ҳуқуқларим чеклангани юрагимда армон эди, – дейди Янгибоева Саида Хамитжановна. – Бугун мен ҳаммадан кўра бахтиёрман. Ҳаётимдаги энг катта орзум ушалди, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспортини олишга муяссар бўлдим. Бу ишонч мени жонажон Ўзбекистонимиз тараққиёти йўлида янада фидойилик билан меҳнат қилишга ундайди.

– Мен учун бу кун унутилмас бўлиб қолади, – дейди Таирова Камиля Эльхан қизи. – Ўзбекистонда яшаб, шу ерда униб ўсдим. Шу юрт фарзанди бўлишимга қарамай, паспортим йўқлиги армон эди. Ҳаётимдаги энг катта орзуларимдан бири ушалди. Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиндим. Бунинг учун Президентимиздан миннатдорман.

Фикр ва мулоҳазалар кун қаҳрамонларига айланган янги фуқароларни табриклашларга уланиб кетди.

Изоҳ билдириш