43825

Зокиржон Алматов Фарғонага ташриф буюрди

Ўзбекистон 5 июль 9:17 1 260

3—4 июль кунлари Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси генерал-полковник Зокиржон Алматов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи Фарғона вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақда «Дарё» хабар берди.

Дастлаб Қўқон шаҳрида янги фаолият бошлаган спорт мажмуасини кўздан кечирган ишчи гуруҳи аъзолари бу ерда ёшларга спорт билан шуғулланиш учун яратилган шароитларга юқори баҳо берди.

Шундан сўнг ишчи гуруҳи аъзолари Фарғона тумани Чимён қишлоғида жойлашган «Ҳазрати Ҳувайдо» зиёратгоҳида бўлиб, тарихий қадамжода қишлоқ нуронийлари ва фахрийлар билан суҳбатлашди.

Фарғона вилоят ИИБ патруль пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармасига қарашли баталён ҳамда алоҳида вазифаларни бажарувчи сафарбар отряд ходимлари билан учрашув ўтказилди.

Фарғона шаҳрида ички ишлар органлари фахрийлари, шаҳар ва туман ички ишлар бўлимлари бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари, имом-хатиблар, хотин-қизлар қўмиталари ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши фаоллари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев қатнашди.

Унда Ички ишлар вазири маслаҳатчиси, генерал-полковник З. Алматов жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини барвақт олиш, ёшлар тарбияси, уларни салбий иллатлар таъсиридан сақлаш, аёллар ўртасидаги жиноятларнинг олдини олиш, оилалардаги тотувликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди.

2018 йилнинг ўтган даврида хизмат олиб бораётган маҳалласида умуман жиноят қайд этилмаган энг фидойи профилактика инспекторларидан бир гуруҳига вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Ташрифнинг иккинчи куни ИИВ ишчи гуруҳи вилоят ички ишлар бошқармасида ташкил этилган хотира хиёбони, ички ишлар органлари тарихига оид музей ҳамда кутубхона фаолияти билан танишди. Шаҳардаги «Ҳамза» театрида ишчи гуруҳи аъзолари иштирокида якуний йиғилиш ўтказилди.

Изоҳ билдириш