43790

МИБ ходимининг хатоси туфайли ҳисобланган қарздорлик бекор қилинди

Ўзбекистон 4 июль 17:17 729
Фото: Asr.Uz

Ғузор туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Ғузор тумани Халқобод қишлоғида яшовчи фуқаро Жарқин Ҳайдарова шикоят аризаси билан мурожаат қилиб, туман электр таъминоти корхонаси масъул ходимлари хизматидан норозилигини билдирган.

Қайд этилишича, истеъмолчи номига туман электр таъминоти корхонасида 102070071154-сонли абонент рақам очилган ва 2012 йилнинг 31 июлидан «DDS-28» русумли 824098 завод рақамли электр ҳисоблагич орқали электр энергиясидан фойдаланиб, тўловларни ўз вақтида амалга ошириб келган. Аммо корхона назоратчиси томонидан электр ҳисоблагич кўрсатгичи ортиқча киритилиши натижасида фуқаро хонадонига 2 129 089 сўм асоссиз қарздордик ҳисобланганлигидан норози бўлган ва мутахассислардан ушбу қарздорликни ҳисобдан чиқаришда кўмак беришларини сўраган.

Мурожаатда келтирилган ҳолатни бартараф этиш ва истеъмолчига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Ғузор туман жамияти ходимлари иштирокида ўрганиш ишлари ташкил этилди. Натижада истеъмолчи хонадонидаги электр ҳисоблагичнинг охирги кўрсатгичи 2329 кВт/с ни ташкил этган бўлсада, туман Мажбурий ижро бюроси ходимининг ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан қараганлиги оқибатида ҳисоблагич кўрсатигичи 15370 кВт/с га ошириб кўрсатилган ва 2018 йил 5 март ҳолатида 2 129 089 сўм сунъий қарздорлик ҳисоблангани аниқланди. Бу ҳақида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси матбуот хизмати хабар берди.

Ишда тўпланган хужжатларга асосланиб, туман жамияти томонидан истеъмолчи манфаатини кўзлаб далилларга ҳуқуқий баҳо бериш ва аризачининг талабини қаноатлантиришларини сўраб Ғузор туман маъмурий судига даъво аризаси киритилди.

Суд қонун талабидан келиб чиқиб, шикоят аризасини қаноатлантиришни лозим топди ва қарор қабул қилди.

Суд қарорига кўра, аризачи Жарқин Ҳайдарованинг Ғузор туман электр тармоқлари корхонаси ходимларининг хатти-ҳаракати устидан берган шикоят аризаси қаноатлантирилди. Фуқаро абонент рақамига ҳисобланган қарздорлик ғайриқонуний деб топилди ва Мажбурий ижро бюроси Ғузор туман бўлими ҳамда Ғузор туман электр таъминоти корхонаси зиммасига фуқаро номига ҳисобланган 2 129 089 сўм қарздорликни бекор қилиш мажбурияти юклатилиб, Ғузор туман Мажбурий ижро бюроси ходими Ш.Қўлдошев ҳисобидан давлат фойдасига 172 240 сўм давлат божи ундирилди.

Изоҳ билдириш