43109

Жаҳон чемпионати ғолиблари ватанимизда тантанали кутиб олинди

Спорт 27 июнь 10:46 449

Ўзбекистонлик ёш шахматчилар Белорусь пойтахти Минск шаҳрида бўлиб ўтган шахматнинг блиц ва рапид йўналишида ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 9 та медаль қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллагандилар.

Бугун ана шу нуфузли мусобақада муваффақиятли иштирок этган ёш ақл-идрок соҳиблари пойтахтимизга етиб келишди. Шахматчиларимизни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Жасур Матчанов бошчилигидаги Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мутасаддилари, мамлакат шахмат федерацияси ходимлари, спортчиларнинг ота-оналари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари кутиб олишди.

Эслатиб ўтамиз, ўсмирлар ўртасидаги II жаҳон чемпионатида ҳамюртларимиз рапид йўналишида 2 та олтин (Ҳумоюн Бегмуротов, Умида Омонова), 2 та кумуш (Афрўза Ҳамдамова, Олмос Раҳматуллаев), блиц беллашувларида эса 3 та олтин (Ҳумоюн Бегмуротов, Афрўза Ҳамдамова, Умида Омонова) ҳамда 2та кумуш (Руқия Олимова, Шаҳромбек Каримов) медалларини қўлга киритишганди.

«Мусобақа биз учун жуда яхши ўтди. У ерда турли мамлакат вакилларига қарши ўйнадим ва уларни мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритдим. Жаҳон чемпиони бўлиб, шоҳсупага кўтарилганимдан жуда хурсандман. Шахматчилардан норвегиялик Магнус Карлсенга ҳавас қиламан, унинг мухлисиман. Келажакда дунёнинг энг ёш гроссмейстери бўлмоқчиман, ундан ташқари катталар ўртасида жаҳон чемпиони бўлишни орзу қиламан», – деди рапид ва блиц йўналишидаги жаҳон чемпиони Ҳумоюн Бегмуротов.

 

Изоҳ билдириш