42818

28 июнь куни Олий Мажлис Сенатининг 15-ялпи мажлиси ўтказилади

Ўзбекистон 25 июнь 9:02 315

22 июнь куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Кенгаш Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисини жорий йилнинг 28 июнь куни Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қарор қабул қилди, деб ёзади ТИВ матбуот хизмати.

Сенатнинг ялпи мажлиси кун тартибига Ўзбекистоннинг бир қатор қонунлари ҳамда мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини тубдан ошириш, 2017—2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурини изчил ижро этиш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган масалалар киритилмоқда. «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги (янги таҳрир), «Медиация тўғрисида»ги, «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги, «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги (янги таҳрир), «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, ялпи мажлисда сенаторлар халқаро шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистоннинг бир қатор қонунларини ҳам кўриб чиқади, шунингдек Ҳисоб палатасининг 2017 йилдаги фаолияти, прокуратура органларининг 2017 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни, Ташқи ишлар вазирлигининг фаолияти, ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасидаги фаолияти ҳақидаги ахборотни эшитади. Ялпи мажлисда Андижон вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботи ҳам эшитилади.

Сенат аъзолари сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳамда ёшларнинг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлиги ҳолати юзасидан бош вазирга парламент сўровлари юбориш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилади.

Ялпи мажлисда Сенатнинг ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилади.

Олий Мажлис Сенати қўмиталари ва девонининг ўн бешинчи ялпи мажлисга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ишларини мувофиқлаштириш учун Кенгаш томонидан ишчи гуруҳ тузилди. Сенат Кенгаши ўз ваколатига доир бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.

 

Изоҳ билдириш