42395

Ўзбекистон ҳарбийлари Халқаро армия ўйинларининг 13 та турида иштирок этишади

Ўзбекистон 20 июнь 9:05 305

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги вакиллари Халқаро армия ўйинларининг 13 та турида иштирок этади, деб хабар қилди вазирлик матбуот-хизмати.

19 июнь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Мудофаа вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида Мудофаа вазирлиги жорий йилда Халқаро армия ўйинларининг 13 та турида Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари иштирок этиши ҳамда Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртининг номи ўзгартирилиб, эндиликда Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий авиация билим юрти, деб аталиши ҳақида айтиб ўтилди.

Таъкидлаш жоизки, охирги ойларда Ўзбекистонда Қуролли Кучлар тизимини ислоҳ этиш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий жиҳатдан ҳимоялашда бир қанча ҳукумат қарорлари қабул қилинди.

Жумладан Ўзбекистон президентининг 2018 йилнинг 14 майдаги Қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Мудофаа вазирлигининг ўнта энг илғор авиация мутахассисига Тошкент шаҳридан уй-жой ажратиш тўғрисидаги тақдимномани кўриб чиқади ва ўз касбининг фидойилари бўлган ҳарбий учувчилар Мудофаа вазирлигига давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан уй-жой билан таъминланади.

Жорий йилда яна бир муҳим ҳужжатнинг имзоланиши ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларини олий таълим ҳамда олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришлари учун ҳам қўшимча имконият яратди. Қарорга мувофиқ 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг шартнома бўйича хизмат қилаётган офицер, сержант ва оддий аскарлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларининг фарзандлари учун:давлат гранти асосида таълим муассасаларига умумий белгиланган қабул кўрсаткичлари квотасидан ташқари республика олий таълим муассасалари учун– 5 фоизлик давлат гранти асосида қабул квотаси;олий ҳарбий таълим муассасаларига бакалавриат учун курсантларнинг умумий қабул сонидан 5 фоизлик квота ажратилади.

Муҳим имтиёзлардан яна бири сифатида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини келтириш жоиз. Унга кўра, Мудофаа вазирлигининг жанговар қисмлари ва жанговар таъминот бўлинмаларининг офицерларига ҳамда сержантлар ва оддий аскарлар таркибининг шартнома бўйича ҳарбий хизматчиларига ҳар бир ҳарбий қисмдан
10 нафаргача кишига мамлакатда ишлаб чиқарилган енгил автотранспорт воситаларини сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар тақдим этилади.

Изоҳ билдириш