42235

ЙПХ ходими транспорт воситасини қандай асосларга кўра тўхтатиши мумкин?

Ўзбекистон 18 июнь 16:58 2 312

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг «Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди. 

Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, ЙПХ ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари қонунийлик, одиллик, тенглик, айб учун жавобгарликнинг муқаррарлиги, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ушбу ҳуқуқларни, эркинликларни ва қонуний манфаатларни ҳурмат қилиш принципларига асосланади.

ЙПХ ходими томонидан транспорт воситалари қуйидаги асосларга кўра тўхтатилиши мумкин:

ҳайдовчи томонидан йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши визуал кузатувда аниқланганда ёки махсус мослама ёрдамида қайд қилинганда;

транспорт воситаси қидирувда эканлиги, ҳайдовчи ёки йўловчиларнинг йўл транспорт ҳодисаси ва бошқа ҳуқуқбузарликка алоқадор эканлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлганда;

йўл транспорт ҳодисаси, ҳуқуқбузарлик содир этилганини кўрган ҳайдовчи ёки йўловчилардан ҳодиса тафсилотига ойдинлик киритиш зарурияти юзага келганда;

ваколатли давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатни чеклаш ёки тақиқлаш бўйича кўрсатмаларини бажариш жараёнида;

йўл ҳаракати қатнашчилари ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг ходимларига ёрдам кўрсатиш зарурияти юзага келганда;

транспорт воситасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланиш зарурияти юзага келганда (чет давлатларнинг дипломатик, консуллик ваколатхоналарига ва бошқа ваколатхоналарига, халқаро ташкилотларга тегишли бўлган транспорт воситалари ҳамда махсус мўлжалланган транспорт воситалари бундан мустасно);

махсус тадбирларни ўтказиш жараёнида;

фойдаланиш ва бошқариш ҳуқуқини берувчи, шунингдек транспорт воситаси ва олиб кетилаётган юк ҳужжатлари мавжудлигини текшириш зарурияти юзага келганда (махсус ва ҳарбий юклар, божхона расмийлаштирувидан ўтказилиб, божхона хизмат томонидан пломбаланган юклар бундан мустасно).

ЙПХ ходимлари томонидан бошқа асосларга кўра транспорт воситалари тўхтатилиши тақиқланади.

ЙПХ ходимларининг ишоралари йўл ҳаракати қатнашчиларига тушунарли бўлиши ва ўз вақтида берилиши лозим.

ЙПХ ходимлари томонидан ҳайдовчи транспорт воситалари ҳужжатларни текшириш учун тўхтатилганда, фақат ҳужжатларни текшириш жараёнида аниқланган қоидабузарликлар бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чора кўрилади.

Транспорт воситаси ҳайдовчиси томонидан Қоидаларнинг бузилиши визуал кузатув ёки махсус мослама ёрдамида қайд қилинганда, ЙПХ ходими ҳайдовчига дастлаб айнан содир этган қоидабузарлигини тушунтириб, шундан сўнг ҳужжатларни текшириб, тегишли чораларни кўради.

Ҳайдовчи тўхтатилганида МАДХ – АДХдан ЙПХ ходими айнан у тўхтатилган ҳудудда дислокацияга асосан хизмат ўтаётганлиги ҳақида маълумот олиши мумкин. ЙПХ ходими ҳайдовчининг талабига кўра, МАДХ – АДХнинг телефон рақами ҳақида маълумот беради. Бунда ЙПХ ходимининг хизматни ўташ вақтидаги тўлиқ дислокацияси ҳақида батафсил маълумот берилмайди.

ЙПХ ходимининг дислокацияси ушбу ходим хизмат олиб бораётган Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (кейинги ўринларда ДЙҲХХ деб аталади) саф бўлими (бўлинмаси) бошлиғида сақланади ва зарур ҳолларда ҳайдовчининг талабига биноан танишиб чиқиш учун кўрсатилиши мумкин. Дислокациядан нусха берилмайди.

ЙПХ ходимлари томонидан махсус тадбирларни ўтказиш жараёнида транспорт воситалари тўхтатилганда, йўл ҳаракати қатнашчисига махсус тадбирнинг айнан нима мақсадда ўтказилаётганлиги ҳамда тўхтатиш сабаби ҳақида тушунтириш берилади.

Махсус тадбирлар Ўзбекистон Республикасининг Ички ишлар вазири, Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси, ҳудудий ички ишлар органлари бошлиқлари, ҳудудий ДЙҲХХ раҳбарлари томонидан тасдиқланган ёки ўзаро келишилган режа асосида ўтказилиши мумкин.

Йўл-ҳаракати қатнашчиси махсус тадбирларни ҳақиқатда тасдиқланган режа асосида ўтказилаётганлиги ҳақида МАДХ – АДХ телефон қилиш ёки ушбу ходим хизмат олиб бораётган ДЙҲХХ саф бўлими (бўлинмаси) бошлиғига мурожаат қилиш орқали маълумот олиши мумкин.

Йўл ҳаракати қатнашчиларига махсус тадбирларнинг ўтказилиш мақсади, транспорт воситасини тўхтатган ЙПХ ходими махсус тадбирда иштирок этган ёки этмаганлиги, транспорт воситаси тўхтатилган ҳудудда махсус тадбир ўтказилганлиги ҳақида маълумот берилади. Махсус тадбирнинг шартли номланиши, тўлиқ моҳияти ҳамда кўлами ҳақида маълумот, шунингдек махсус тадбирнинг ўтказилишига асос бўлган ҳужжатлардан кўрсатилмайди, улардан нусхалар берилмайди.

Йўл ҳаракати қатнашчиси уни тўхтатган ЙПХ ходим хизмат олиб бораётган ДЙҲХХ саф бўлими (бўлинмаси) бошлиғига мурожаат қилганда, мурожаат муаллифига қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда асослантирилган жавоб хати берилади.

ЙПХ ходимлари ўз хизмат вазифаларини бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

мазкур Низомнинг 6-бандида кўрсатилган ҳолатларда транспорт воситасини тўхтатиш ҳамда уни бошқариш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни, транспорт воситасига, шунингдек ташилаётган юкларга оид ҳужжатларни текшириш;

ҳайдовчи ёки юкни кузатиб бораётган шахс билан биргаликда транспорт воситасини ва юкларни ташқи кўздан кечириш;

йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳужжатларини текшириш мақсадида электрон маълумотлар базасидан фойдаланиш;

йўл транспорт ҳодисаси ва бошқа ҳуқуқбузарликнинг содир этилганлигини гувоҳи бўлган йўл ҳаракати қатнашчиларини аниқлаш;

ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланиш (чет давлатларнинг дипломатик, консуллик ваколатхоналарига ва бошқа ваколатхоналарига, халқаро ташкилотларга тегишли бўлган транспорт воситалари ҳамда махсус мўлжалланган транспорт воситалари бундан мустасно);

транспорт воситасининг двигатель агрегат ва қисмлари рақамларини рўйхатлаш ҳужжатларида ёзилган рақамлар билан ҳайдовчининг бевосита иштирокида солиштириш (ҳайдовчининг иштирокини таъминлаш имкони бўлмаган ҳолатлар бундан мустасно);

транспорт воситасини таъқиб қилиш;

транспорт воситасини кузатиш;

жиноят содир этганлиги учун қидирувда бўлган шахсларни ушлаш;

жиноят содир этганликда гумон қилинаётган шахсларни, бўлган, транспорт воситасида ҳуқуқбузарлик содир этилиб, ҳодиса жойидан яширинган, қонуний талабга бўйсунмаган, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси (кейинги ўринларда МЖтК деб аталади) 291-моддаси биринчи қисми «а» бандига кўра, транспорт воситаларининг ҳайдовчилари ушбу Кодекс 125-моддасининг учинчи, бешинчи ва олтинчи қисмларида, 125-1-моддасининг иккинчи қисмида, 126-моддасида, 127-моддасининг иккинчи қисмида, 128-6-моддасида (агар транспорт воситасининг ҳайдовчиси бўлмаса ва тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларининг бузилиши йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаракатланишига халақит берса), 131, 135, 135-1-моддаларида, 136-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида, 137, 176-3-моддаларида, 194-моддасида (милиция ходимининг транспорт воситасини тўхтатиш тўғрисидаги қонуний талабини бажармаслик қисмида) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этганда, шунингдек қонун ҳужжатларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа ҳолларда транспорт воситаларини ушлаш;

алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда (кейинги ўринларда ¬ маст ҳолда деб аталади) бўлган, транспорт воситасини бошқариш учун тегишли ҳужжатлари бўлмаган, руҳий ҳолати ёки соғлиғи транспорт воситасини бошқаришга тўсқинлик қилиши мумкин бўлган, носоз транспорт воситасини бошқараётган шахсларни, шунингдек МЖтКнинг 291-моддаси биринчи қисми биринчи бандида назарда тутилган ҳолатларда транспорт воситасини бошқаришдан четлаштириш, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларини олиб қўйиш, транспорт воситаларини сақлаб туриладиган жойига қўйиш учун олиб бориш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ва ўқотар қуролни қўллаш.

ЙПХ ходимлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Қуйидаги ҳолатларда ЙПХ ходими ҳайдовчи ёки йўловчилардан транспорт воситасининг кабинасидан чиқишини талаб қилишга ҳақли:

транспорт воситасининг техник носозлиги ва юк ташиш қоидаси бузилганлигини бартараф этиш мақсадида;

ҳайдовчи транспорт воситасини маст ҳолда бошқараётган деб ҳисоблашга етарли асослар мавжуд бўлганда;

транспорт воситасининг двигатель агрегат ва қисмлари рақамларини рўйхатлаш ҳужжатларида ёзилган рақамлар билан ҳайдовчининг бевосита иштирокида солиштириш мақсадида;

транспорт воситаси ёки унда олиб кетилаётган юк ҳужжатлари мавжудлигини текшириш зарурияти юзага келганда;

ҳайдовчи ёки йўловчи жиноят содир этганликда гумон қилинаётганда ёки уни транспорт воситасини бошқаришдан четлаштириш зарурияти юзага келганда;

ҳайдовчининг транспорт воситаси кабинасида бўлиши йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга таҳдид солиши мумкин бўлган ҳолларда (ҳайдовчининг руҳий ҳолатига, ёшига, сезгирлик ва эътиборни сусайтирадиган дори-дармонлар таъсирида, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган даражадаги чарчоқлик ва бетоблик ҳолатида, транспорт воситасини бошқара олишига шубҳа бўлганда ва б.).

Жисмоний нуқсони сабабли ҳайдовчининг транспорт воситаси кабинасидан чиқиш имконияти чекланган ҳолатлар бундан мустасно.

ЙПХ ходимлари ўз хизмат вазифаларини бажаришда қуйидагиларга мажбур:

хизмат вазифаларини фақат мобиль камералардан фойдаланган ҳолда олиб бориш;

визуал кузатув ҳамда махсус мосламалардан фойдаланган ҳолда қоидалар бузилганлигини аниқлаш;

йўл ҳаракати қатнашчисини тўхтатганидан кейин унинг олдига бориши, ўзини таништириши, лавозими, унвони, фамилияси ҳақида маълумот бериши, унинг талабига кўра кўкрак нишон белгисини маълум қилиши ва хизмат гувоҳномасини очиқ ҳолда (бунда ЙПХ ходими томонидан хизмат гувоҳномасини йўл қатнашчиси ихтиёрига бериш тақиқланади) кўрсатиши;

йўл ҳаракати қатнашчиларига мобиль камерадан фойдаланаётганлигини маълум қилиши ва келгусида ноқонуний ҳаракатлар содир этса, айбини исботлаш учун видео ёзувдан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириши;

ҳар қандай вазиятда йўл ҳаракати қатнашчилари билан вазмин, хушмуомала, одобли ва эътиборли бўлиши, уларга ҳурмат билан ҳамда “Сиз” деб мурожаат қилиши, йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатларда муомала маданияти ва қонунийликка риоя қилиши;

йўл ҳаракати қатнашчиларига уларни тўхтатиш сабабини, содир этилган ҳуқуқбузарлик юзасидан аниқ, лўнда тушунтиришлар бериши;

шахсни маст ҳолда деб ҳисоблашга асослар мавжуд бўлган тақдирда, унинг транспорт воситасини бошқаришдан четлатилишини ҳамда мастлик ҳолатини аниқлаш учун белгиланган тартибда текширувдан ўтказилишини таъминлаши;

зарур ҳолларда, йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳаракатини чеклаши ёки тақиқлаши;

Қоидаларни бузган шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириш чоғида унга ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши;

ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз вақтида тегишли чораларни кўриши;

ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитлари аниқлаши ҳамда уларни бартараф этиш чораларини кўриши;

йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган жой ҳолатини ўзгартириш, далилларни йўқотиш ёки йўқ қилинишининг олдини олиш мақсадида ҳодиса жойини ўраб олиш чораларини кўриши;

ҳуқуқбузарликдан ёки бахтсиз ҳодисалардан жабрланганларга, ҳаёти (соғлиғи) хавф остида қолган шахсларга, тиббий ёрдамга муҳтож бўлган йўл ҳаракати қатнашчиларига ҳамда йўл транспорт ҳодисаси оқибатида шикастланган транспорт воситаларини белгиланган жойга олиб боришда фуқароларга ёрдам кўрсатиши;

ўзига хизмат юзасидан бириктирилган транспорт воситаси, кўкрак нишон белгиси, алоқа воситаси ва махсус мосламаларни яроқли ҳолатда сақлаши, махсус мосламалардан мақсадли ва фақат хизмат юзасидан фойдаланиши;

рухсат этилмаган, сертификатига эга бўлмаган, сертификатининг амал қилиш муддати тугаган ёки белгиланган тартибда ички ишлар органлари ҳисобида мавжуд бўлмаган махсус мосламалардан фойдаланмаслиги;

белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб Қоидаларни бузган ҳайдовчини махсус мосламанинг кўрсаткичлари билан таништириш, унинг талаби билан мосламанинг сертификати (ёки унинг нусхаси)ни кўрсатиши;

жисмоний куч ишлатилганлиги ва махсус воситалар қўлланганлиги натижасида жисмоний шахсларнинг ҳаётига, соғлиғига, шунингдек уларнинг, шу жумладан юридик шахсларнинг мол-мулкига зарар етказилган ҳар бир ҳолат ҳақида, шунингдек ўқотар қуролни қўлланилган барча ҳоллар тўғрисида ўзининг бевосита бошлиғи ҳамда назорат қилувчи прокурорга дарҳол хабар бериши;

йўл ҳаракати қатнашчиларига юқори турувчи орган (мансабдор шахс) ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқини тушунтириши шарт.

ЙПХ ходимлари қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятларни ҳам бажаради.

ЙПХ ходими томонидан йўл ҳаракати қатнашчисини асоссиз ҳамда узрли сабабларсиз тўхтатиб туриши тақиқланади.

ЙПХ ходими йўл ҳаракати қатнашчисини тўхтатганда ёки у томонидан содир этилган қоидабузарликни расмийлаштириш жараёнида ҳолатга даҳлдор бўлмаган ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатга эга бўлмаган шахсларга тушунтириш беришга мажбур эмас.

Йўл ҳаракати қатнашчилари ЙПХ ходимлари билан ўзаро муносабатларда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ЙПХ ходими томонидан тўхтатиш сабабини, Қоидаларнинг қайси бандини (бандларини) бузганлиги тўғрисида тушунтириш беришни талаб қилиш;

транспорт воситасини тўхтатган ЙПХ ходимидан ўзини таништириши ва хизмат гувоҳномасини кўрсатишини ҳамда кўкрак нишон белгисини маълум қилишини талаб қилиш;

хизматни мобиль камерасиз олиб бораётган ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этмаслик;

ЙПХ ходими билан ўзаро муносабатини ўзига тегишли аудио, фото ва видео қурилмага қайд қилиш (ЙПХ ходими томонидан қонун ҳужжатларида алоҳида тартиб белгиланган ҳудуд ва объектлар яқинида хизмат олиб бориш ҳолатлари бундан мустасно).

мазкур Низомнинг 13-бандида назарда тутилган ҳолатлардан ташқари, транспорт воситаси кабинасидан тушмасдан, ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим қилиш;

содир этган қоидабузарлиги қайд этилган махсус мослама натижалари билан танишиш;

ҳуқуқбузарлик ҳолатини аниқлашда фойдаланилган махсус воситаларнинг сертификатлари (ёки уларнинг нусхаси)ни кўрсатилишини талаб қилиш;

ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан тушунтиришлар бериш;

узрли сабабларсиз тўхтатиб турилмаслигини талаб қилиш;

ЙПХ ходимлари томонидан транспорт воситасини ёки ундаги юкни ташқи кўздан кечириш жараёнида иштирок этиш;

маъмурий баённома расмийлаштирилгандан сўнг, ўзи тўхтатилган ҳудудда ЙПХ ходимининг хизмат олиб бориши мумкинлиги (дислокацияси) ёки махсус тадбирларни ўтказилаётганлиги ҳақида марказий ахборот диспетчерлик хизмати (кейинги ўринларда МАДХ деб аталади) – ахборот диспетчерлик хизмати (кейинги ўринларда ¬ АДХ деб аталади)дан қисқа маълумот олиш;

маъмурий баённома расмийлаштирилганидан сўнг, ЙПХ ходимининг дислокацияси сақланаётган саф бўлими (бўлинмаси) бошлиғидан дислокацияни кўрсатишини талаб қилиш;

ўзига нисбатан расмийлаштирилган маъмурий баённома, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ҳужжатлари билан танишиш, улардан ўз ҳисобидан нусха олиш;

ЙПХ ходимининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги, ҳуқуқбузарлик бўйича расмийлаштирилган баённома ҳамда чиқарилган қарор устидан юқори турувчи орган (мансабдор шахс)га ёки судга шикоят қилиш;

Йўл ҳаракати қатнашчилари қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Йўл ҳаракати қатнашчилари ЙПХ ходимлари билан ўзаро муносабатларда қуйидагиларга мажбур:

ЙПХ ходимининг қонуний талабларига бўйсуниши ва уларни бажариш;

транспорт воситасини бошқаришда белгиланган ҳужжатларни (транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва огоҳлантириш талонини, суғурта полиси, юк ҳужжатлари), шахсини тасдиқловчи (ҳайдовчи транспорт воситасини ҳайдовчилик гувоҳномасисиз бошқарган ҳолларда)ҳужжатларни ЙПХ ходимлари талаб қилганда текшириш учун тақдим этиш;

ўзи гувоҳи бўлган ҳодиса ҳақида ЙПХ ходимига ҳаққоний маълумотни баён қилиш;

ЙПХ ходимига совға, моддий қимматликлар таклиф қилмаслиги ёки бошқа шаклда манфаатдор этишга қаратилган ҳаракатларни амалга оширмаслиги;

мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда хизмат гувоҳномасини кўрсатмаслик (қонун ҳужжатларида содир этган қоидабузарлиги учун маъмурий баённома расмийлаштиришнинг алоҳида тартиби белгиланган шахслар бундан мустасно);

йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиси ҳамда ЙПХ ходими ўртасидаги ўзаро муносабатга халақит бермаслиги шарт.

Йўл ҳаракати қатнашчилари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажаради.

Изоҳ билдириш