41778

Умид Аҳмаджонов ва футбол афсоналари рамзий маънода жаҳон чемпионатини бошлаб беришди

Спорт 12 июнь 19:59 338

Хабарингиз бор, икки кундан сўнг Россияда тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаларидан бири, футбол бўйича жаҳон чемпионати старт олади. Шу муносабат билан кўзга кўринган футбол амалдорлари, юлдузлар, мураббийлар, умуман футбол соҳасининг машҳур кишилари айни пайтда Москва шаҳрида жам бўлишган.

Бугун ана шу фурсатдан фойдаланиб, FIFA Президенти Жанни Инфантино ташаббуси билан конфедерациялар ўртасида ўзига хос ўртоқлик турнири ташкил қилинди. Унда FIFAга аъзо барча Конфедерациялар вакиллари, жумладан UEFA, CONCACAF, AFC, OFC, CAF, CONMEBOL, ҳамда ЖЧ ташкилий қўмитаси вакиллари иштирок этишди. Мусобақада дунё футболи юлдузлари, жумладан уч карра «Олтин тўп» соҳиби Марко ван Бастен, Португалия футболи афсонаси Луиш Фигу, собиқ рефери Пьерлуижи Коллина каби машҳурларни ҳам учратиш мумкин эди. Табиийки, ушбу учрашувда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Президенти ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов Осиё футбол конфедерацияси таркибида юқорида санаб ўтилган футбол юлдузларига қарши майдонда тўп сурди. ЦСКА стадионида ташкил этилган мусобақа дўстона рухда, кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтди. Турнир катта қизиқишларга сабаб бўлди. Учрашув якунлангач, Умид Аҳмаджонов футбол юлдузлари билан эсдалик учун суратга тушди.
Мазкур турнир давомида МОҚ раҳбари ЖЧ-2018 ташкилий қўмитаси раҳбари, Россия Федерацияси Бош вазири ўринбосари Аркадий Дворкович билан ҳам учрашди. Фурсатдан фойдаланиб жаҳон чемпионатига олиб борилган тайёргарлик ишлари билан танишди, ўзаро фикр алмашди. Албатта, мана шундай дўстона, самимий учрашувлар халқаро алоқаларни мустаҳкамлашда, ҳамкорликларни ривожлантиришда ва албатта кучли терма жамоалар билан ўртоқлик ўйинлари ташкил қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Изоҳ билдириш