41743

«Навоий ворислари» республика кўрик-танловига старт берилди

Ўзбекистон 12 июнь 16:16 417

Бугун Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши томонидан партиянинг йирик лойиҳаларидан бири «Навоий ворислари» республика кўрик-танловининг бошланиши муносабати билан матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакилларига партиянинг «Навоий ворислари» кўрик-танловига старт берилгани ҳамда танлов шартлари бўйича ахборотлар берилди.
Видеоконференция шаклида ўтказилган матбуот анжуманини партия Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Мухамеджанова олиб борди.

– Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ташаббуси билан 2017 йилда бир гуруҳ зиёлилар, навоийшунос олимлар, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва бошқа бир қатор мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, Алишер Навоий асарларининг мазмун-моҳиятини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, унинг ижодини том маънода халқ мулкига айлантириш мақсадида “Навоий ворислари” Республика кўрик-танлови ўтказилди.

Танловда Алишер Навоий ижодига бефарқ бўлмаган, унинг 50 тадан 100 тагача ғазалларини тўлиқ ёд оладиган ва нафақат ёд олиш, балки ғазал матнининг насрий баёни – ёзма шарҳини ярата оладиган ҳамда ғазал матнидаги тушуниш қийин бўлган сўзларни изоҳлаб бера оладиган 3000 нафарга яқин ёшлар фаол иштирок этди.

Мазкур танловнинг Республика босқичи жорий йилнинг 12-13 февраль кунлари Навоий вилояти, Навоий шаҳрида ўтказилиб, шоирнинг яхлит асарларини ёд биладиган истеъдодли ёшлар кашф этилди.
Нодир Жонузоқ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари:

– Буюк мутафаккир, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш, унинг юксак инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган асарлари мазмун-моҳиятини халқимиз, айниқса, ёш авлод онгига сингдириш мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли маънавий-маърифий соҳадаги ислоҳотлар рўёбида муҳим ўрин тутади. Навоий мероси ёшларни, аввало, ота-боболаримиз йўлини муносиб давом эттиришга, ҳамиша эзгулик яловини маҳкам тутишга, маънавий камолот ва саодатга интилиб яшашга ўргатади.

Шунингдек, адиб ижоди, лирикаси, ғазалларининг мавзу йўналиши, талқини, изоҳлари, шоир шеъриятидаги жанр, тимсолларга доир машғулотлар ёшлар, китобхонларнинг билими, маънавий дунёсини бойитиш ва янада кенгайтириш имконини беради.

Шарқ, хусусан, ўзбек мумтоз адабиёти тарихида Алишер Навоийнинг ижодий фаолияти ўзининг серқирралиги ва кўламдорлиги билан беқиёс ўрин тутади. Она тилига муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва улуғлигини англаш туйғуси халқимиз онгу шуурига, қалбига, аввало, Навоий асарлари билан кириб келади. Навоийни англаш, унинг фалсафий, ахлоқий, маданий-маърифий мушоҳадаларга бой асарларини ўқиш ва тушунишнинг ўзи улкан саодатдир.

Мазкур кўрик-танлов бобокалонимизнинг умрбоқий асарларида илгари сурилган эзгу ғоялар билан ёшларни янада яқинроқ таништиришда муҳим ўрин тутади.

Зеро, даврлар алмашса-да, буюк аждодимиз қолдирган маънавий мероснинг қадр-қиммати тобора ортиб бораверади.

Матбуот анжуманида “Миллий тикланиш” демократик партияси фаоллари танлов юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари саволларига жавоб бердилар.

Изоҳ билдириш