41519

Қадр кечасида қилинадиган ибодатлар

Ўзбекистон 11 июнь 11:25 7 482

Азизлар, мана кўз очиб юмгунча Рамазон ойининг охирги ўн кунлиги ҳам охирлаб бораяпти. Бу ўн кунликдаги кечалар ичида энг улуғи бўлган «Қадр» кечасига ҳам яқинлашиб қолдик. Ҳаммамизга маълумки, саҳиҳ ҳадисларда келишича, «Қадр» кечаси охирги ўн кунликнинг тоқ кечаларидан бирида бўлиши маълум. Лекин, уламолар «Қадр» сурасининг оятлари мазмунидан келиб чиқиб, «Қадр» кечаси Рамазон ойининг 26- кунидан 27- кунига ўтар кечаси содир бўлишига ишора қилишган. Шунга кўра, ўша кечаси бошқа кечалардан ҳам кўпроқ ибодатлар билан машғул бўлиш ушбу кечанинг савобларини кўпайтиради.

Қуйида сизларга «Қадр» кечасида суннатга мувофиқ қилинадиган энг афзал ибодатлар ҳақида маълумот бериб ўтмоқчимиз:

1. Шу кеча аҳли оилаларимиз билан биргаликда кўпроқ таҳажжуд ва нафл намозларини адо этишга жидду жаҳд қилишимиз зарур. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айниқса шу кечаларда оила аъзоларини ҳам кўпроқ таҳажжуд ва нафл намозларини ўқишга ундаганлар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар (Рамазон ойининг охирги) ўн куни кирса, бутун кечани ибодат билан ўтказиб, бунга аҳли-аёлларини ҳам уйғотардилар. Ўзлари кўп ғайрат қилиб, ибодат учун белни маҳкам боғлардилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).
2. Қуръон тиловати.
Бу кечада ҳар бир оила аъзоси ўзи билган Қуръон сураларидан ўқиб, бир-бирларига эшиттиришлари ҳам жоиз ибодатлардан ҳисобланади. Чунки, Қуръони Карим айнан «Қадр» кечасида нозил қилинган.
«Албатта, Биз у(Қуръон)ни Лайлатул Қадрда туширдик». («Қадр» сураси, 1-оят)
3. Зикр-тасбеҳ айтиб кўп дуолар қилиш.
Рамазонга оид оятларда хабар берилишича, Аллоҳ таоло бандаларига рўза тутишни фарз қилиш билан бирга, уларга кўпроқ дуо қилишни буюрган ва У Зот томонидан бу дуоларнинг мустажоб қилиниши ваъда қилинган.
Дарҳақиқат, Аллоҳ айтади: «Сиздан (эй, Муҳаммад!) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас, улар ҳам Мени (даъватларимни) ижобат (қабул) этиб, Менга имон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар». («Бақара» сураси, 186-оят)
4. «Қадр» кечаси арафасидаги шом намозидан кейин имкон қадар силаи раҳмга амал қилиш ва муҳтож одамларга садақа қилиш ҳам шу куни алоҳида аҳамият бериладиган ибодатлар қаторига киради.
5. «Қадр» кечасида оятларнинг маъноларини тафаккур қилиш орқали англаш ҳам мақбул амаллардан ҳисобланади.
Аллоҳ таоло айтади: «Осмонлар ва Ернинг яратилишида, тун ва куннинг ўрин алмашиб туришида ақл эгалари учун аломатлар бордир. Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар ва осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар (ва дуо қиладилар:) «Эй, Раббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок зотдирсан. Бас, бизни дўзах азобидан сақлагин!» («Оли Имрон» сураси, 190-191 оятлар)
6. «Қадр» кечасида ибодат билан бирга, ўз хатоларини эътироф қилиб Аллоҳ таолодан гуноҳларини мағфират қилинишини сўраб истиғфор айтиш.
Демак, «Қадр» кечасидаги қилинган ибодатларимиз савоби буюк бўлиб, шу сабабли бу кеча ушбу ояти каримада айтилганидек, минг ойдан яхшироқдир. «Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир». («Қадр» сураси, 3-оят)
«Қадр» кечасини топишимизга Аллоҳ таолонинг Ўзи бизларни муваффақ айласин ва унинг улкан савобларидан баҳраманд этсин.

Дониёр Файз

Изоҳ билдириш