41264

Божхоначилар 35 тонна тузни “тузлади”

Ўзбекистон 6 июнь 15:58 583

Яқинда Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Тошкент-товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари Хитойдан пойтахтимизда фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамият номига иккита контейнерда кириб келган полипропилен товарини божхона назоратидан ўтказишди.

Мазкур корхона томонидан тақдим этилган ҳужжатларга кўра контейнерларда пластик маҳсулотлар ишлаб чиқаришда кўлланиладиган 40 тонна полипропилен бўлиши лозим эди. Аммо кўрик жараёнида мазкур товар ўрнига ҳужжатларда кўрсатилмаган, сиртдан полипропиленга ўхшаб кетадиган, қиймати 351 млн сўмлик, 35 тоннадан ортиқ бўлган натрий хлорид, яъни содда қилиб айтганда туз ортилгани аниқланди.

Агар ҳужжатларга асосланилса, 40 тонна полипропилен учун 40 млн. сўм атрофида божхона тўловлари ҳисобланарди. Аммо, контейнерларга юкланган натрий хлориднинг божхона тўловлари 177 млн. (агар ушбу товарга тегишли келиб чиқиш сертификати тақдим этилганда 129 млн.) сўмни ташкил этарди. Кўриниб турибди-ки, бу усул билан қонунбузарлар 137 млн. сўм атрофидаги божхона тўловларидан бўйин товлашган.

Мазкур ҳолат бўйича божхона органлари томонидан мазкур корхонанинг раҳбарига нисбатан тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳ билдириш