41056

Андижон шаҳар ички ишлар бошқармасига янги бошлиқ тайинланди

Ўзбекистон 4 июнь 21:02 619

2018 йил 4 июнь куни Андижон шаҳар ҳокимлигининг мажлислар залида халқ депутатлари шаҳар кенгаши депутатлари, шаҳардан сайланган вилоят кенгаши депутатлари, вилоят ички ишлар бошқармасининг соҳавий хизматлари раҳбарлари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Мажлисни Андижон шаҳар ҳокими, халқ депутатлари шаҳар кенгаши раиси Д.Раҳматуллаев очиб берди ва олиб борди.
Кун тартибидаги асосий масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-майор П.Бобожонов сўзга чиқиб, ички ишлар органларини аҳолига яқинлаштириш орқали жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш, ҳудудларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг ижобий натижасини бераётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ички ишлар органлари олдига қўйилган энг асосий масалалардан бири – бу республиканинг барча ҳудудларини жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш, аҳолида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг ҳар қандай кўринишларига муросасиз муносабат шакллантириш ҳамда фуқароларнинг осуда ҳаёт кечиришлари учун муносиб шароитлар яратишдир.
Андижон шаҳрида ҳам бу борада кенг қамровли ишлар амалга оширилаётган бўлиб, шаҳарнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, маҳаллаларда обод ва тинч ҳаёт турмуш тарзини жорий этилиши ўз самарасини бермоқда. Шу нуқтаи-назардан қараганда, жорий йилнинг ўтган даврида шаҳарда жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, тезкор вазиятни барқарорлаштириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда қатор ишлар амалга оширилиб, жиноятчилик суръатларининг сезиларли даражада камайишига эришилган. Хусусан, жорий йилнинг тўрт ойи якунларига кўра барча йўналишларда содир этилган жиноятлар 435 тадан 256 тага, жиноят-қидирув соҳасида содир этилган жиноятлар эса 311 тадан 171 тага камайган.

Шу билан бирга, олиб борилаётган кенг кўламли профилактик ишларга қарамай Андижон шаҳрида вояга етмаган шахслар, ёшлар ҳамда оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилган жиноятларнинг сони ҳамон камаймаётганлиги барчани жиддий мулоҳазага чорлашлигини таъкидлади.
Таҳлилларга кўра, ўтган тўрт ой мобайнида Андижон шаҳрида мавжуд 83 та маҳалланинг 37 тасида жиноят содир этилганлиги, шундан 8 тасида жиноятлар сони ортганлигини, айниқса, вояга етмаганлар томонидан 8 та жиноят содир этилганлиги бу борада кенг жамоатчилик билан тушунтириш-тарғибот ишларини янада кучайтириш зарур эканлиги тўғрисида фикр билдирилди.
Бундан ташқари муқаддам судланган шахслар билан олиб борилган ишлар талаб даражасида ташкил этилмаганлиги, айрим шахслар томонидан қайта жиноят содир этилишига йўл қўйилганлигини ҳамда содир этилаётган жиноятларни очиш эмас, уларнинг барвақт олдини олиш ва фуқаролар онгида жиноятчиликка қарши муҳит яратиш бугунги куннинг талаби эканлигига барчанинг диққат-эътибори қаратилди.

Шундан сўнг кун тартибидаги ташкилий масала кўриб чиқилди – Андижон шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчиси этиб тайинланган полковник С.Нишонбоев шаҳар кенгаши фаолларига таништириб ўтилди. С.Нишонбоев ўз нутқида унга билдирган юксак ишончга раҳбариятга алоҳида миннатдорлик билдириб, янги лавозимда муносиб хизмат қилиб, келгусида бор куч-ғайратини халқ манфаатлари йўлида сафарбар этишга ваъда берди.
Йиғилишда, шунингдек, “Нуроний” жамғармаси Андижон шаҳар бўлими раиси Т.Тўйчиев, Андижон шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Р.Жўрабоевалар сўзга чиқиб, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда шаҳар ички ишлар бошқармаси раҳбарияти билан ҳамжиҳатликда иш олиб боришга келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси

Изоҳ билдириш