40756

Пўлат Бобожонов ҳузурида тезкор мажлис ўтказилди

Ўзбекистон 1 июнь 10:36 658

Ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга доир Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг сўнгги қарор ва топшириқлари ижросини таъминлаш бўйича Ички ишлар вазири генерал-майор П.Бобожонов ҳузурида вазир ўринбосарлари, вазирлик бош бошқарма ва бошқарма бошлиқлари иштирокида тезкор йиғилиш ўтказилди.

Кун тартибидаги масала бўйича Давлат раҳбарининг топшириғига асосан Қорақолпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри ҳамда вилоятларнинг марказий шаҳарларида жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш чора-тадбирларининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида, ички ишлар органлари фаолиятини ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятига уйғунлаштирган ҳолда ташкил этиш ва бошқаришни таъминловчи янги тизимни жорий қилиш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитилди.

Маълумот учун, ушбу тизим ҳозирда Самарқанд ва Урганч шаҳарлари, Ургут ва Қўшкўпир ҳамда Тошкент шаҳри туманларида тажриба тариқасида жорий этилган бўлиб, шаҳар ва туманларда фаолият кўрсатган ички ишлар органларининг негизида ҳудудий бўлиниш асосида 4 та секторнинг ҳар бирида 1 тадан ички ишлар бўлими ҳамда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштирувчи алоҳида бошқарма ташкил этилган.

Мавжуд куч ва воситаларнинг 60 фоизидан кўпроғи қуйи тизим идораларига ўтказилиб, аҳолига имкон қадар яқинлаштириш ҳамда замонавий ахборот технологияларини янада кенгроқ жорий этиш орқали фуқароларга ўз вақтида ва сифатли хизмат кўрсатиш, уларни ташвишга солаётган муаммо ва масалаларни жойида ҳал этиш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш чора-тадбирлари мақсадли ва манзилли амалга оширилиши таъминланмоқда.

Йиғилишда Нукус шаҳри ва вилоят марказларида бу борада бажарилаётган ишлар, хусусан, янги тизим асосида ички ишлар бўлимлари ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштирувчи бошқармалар тузилиши муносабати билан ишни оптимал тарзда ташкил этиш ҳамда тезкор вазиятни яхлит назорат қилиш учун маҳаллий ҳокимликлар билан 4 та сектор ҳудудлари чегарасини қайта кўриб чиқиш, шахсий таркибни мақсадли тақсимлаш, уларга хизмат биноларини ажратиш, таъмирлаш ва реконсрукция ишларини бажариш, мебель жиҳозлари ва транспорт воситалари билан таъминлаш ҳамда бошқа ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Муҳокамалар давомида Ички ишлар вазири томонидан ҳар бир ҳудуд бўйича мутасадди раҳбарларга ижро муддатлари аниқ белгиланган топшириқлар берилди.

Шунингдек, тезкор мажлисда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 19 май кунги “Ўзбекистон Республикаси йўл хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси ҳам кўриб чиқилди.

Маълумот учун, мазкур қарор йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янги босқичга кўтариш, йўл инфратузилмасини тубдан яхшилаш, йўллар сифатини ошириш ҳамда йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсиз ҳаракатланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинган. Қарор билан 2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси ҳамда ушбу Концепцияни 2018-2019 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган.

Кун тартибидаги масалани кўриб чиқиш давомида юқоридаги қарорда ҳамда Йўл харитасининг 30 та бандида белгиланган тадбирлар, жумладан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, йўл инфратузилмасини такомиллаштириш, йўллар сифатини яхшилаш, транспорт воситалари ва йўловчиларнинг хавфсиз ҳаракатланиши учун ишончли шарт-шароитлар яратиш, йўл ҳаракати барча иштирокчиларининг ҳуқуқий маданиятини ва зарур малакасини ошириш, уларнинг интизомини мустаҳкамлашга қаратилган вазифаларнинг ҳар бири муҳокама этилди. Уларни ўз муддатида ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида, Вазир томонидан масъул раҳбарлар бириктирилиб, малакали ва тажрибали ходимлардан иборат бир неча ишчи гуруҳлари тузилди ҳамда Ички ишлар вазирлигининг тегишли назорат режаси тасдиқланди.

Изоҳ билдириш