40753

Ўзбекистон давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот кўриб чиқилди

Ўзбекистон 1 июнь 10:34 237

2018 йил 31 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ахборот хизмати хабарига асосан.

Депутатлар Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йилги ҳамда 2018 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқдилар.

Мажлисда валюта сиёсатини либераллаштириш ва ташқи савдо фаолияти соҳасини такомиллаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар мамлакат иқтисодиётига хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, унинг экспорт салоҳиятини ошириш, замонавий технологияларга асосланган ишлаб чиқаришларни яратиш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришга хизмат қилаётганлиги таъкидланиб, буларнинг натижасида 2017 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 5,3 фоиз, саноат ишлаб чиқариш ҳажми – 7,0 фоиз, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги – 2,0 фоиз, хизматлар – 8,9 фоиз ҳамда қурилиш – 5,6 фоизга ўсиши таъминланганлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, тушумлар барқарорлигига эришилганлиги ҳамда бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлаш орқали Давлат бюджети 337,3 млрд. сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилган.

Ҳисобот даврида Давлат бюджети харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлиги таъминланиб, ҳукумат томонидан асосий эътибор бюджет харажатларининг самарадорлигини таъминлаш, ижтимоий хизматларнинг сифатини ошириш, биринчи даражали тўловлар бўйича харажатларни тўлиқ ва ўз вақтида молиялаштириш ҳамда бюджетлараро муносабатларни янада такомиллаштириш борасида қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, бугун ҳаётга жорий этилаётганлиги, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг белгиланган параметрлар доирасида ижро этилишида асосий омил бўлганлиги қайд этилди.

Чунончи, ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджети харажатларининг 55,2 фоизи миқдорида маблағ сарфланди.

Тақдим этилган ҳисоботлар депутатлар ва сенаторлар томонидан жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиш ҳамда назорат-таҳлил фаолиятини амалга ошириш жараёнларида Давлат бюджети маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, ҳудудларда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш борасида ҳали ечимини кутаётган масалалар борлигига қаратиб, жорий йилнинг биринчи чорагида маҳаллий бюджетлар даромадига 874,0 млрд. сўм қўшимча тушган маблағларни айнан шу масалаларни ҳал этишга йўналтириш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги таклифни илгари сурдилар.

Изоҳ билдириш