40573

0,7 гр. нашани деб «Mersedes – Bens»дан айрилди

Ўзбекистон 30 май 16:51 776
Фото: vanebros.com

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси “Жартепа” чегара божхона пости ходимлари мамлакатимизга гиёҳвандлик моддасини божхона назоратидан яшириб, қонунга хилоф равишда контрабанда йўли билан олиб кирмоқчи бўлган шахснинг қилмишини фош этишди.

Қўшни республика фуқароси А.А. бошқарувидаги “Mersedes Bens 180” русумли енгил автомашина белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида, ҳайдовчи ўриндиғи остидаги тўшама тагида қоғозга ўралган ҳолатда 0,7 гр. “марихуана” гиёҳвандлик моддаси яширилганлиги аниқланди.

Яқинда мазкур ҳолат юзасидан суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда судланувчи гиёҳвандлик моддаси истеъмол қилмаслигини баён қилган бўлсада, аммо Самарқанд вилоят суд тиббий экспертиза бюросининг хулосасига кўра А.А.нинг организимида тетрагидроканнабиноидлар (наша, марихуана) топилган.

Суд судланувчи А.А.нинг содир қилган жиноятини қасддан содир этилган оғир жиноят деб ҳисоблаб, унинг муқаддам судланмаганлигини, оилали бўлиб, қарамоғида 2 нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини эътиборга олган ҳолда тегишли қарорни чиқарди.

Унга кўра судланувчи А.А.га нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди ва Ўзбекистон Республикасига келиш ҳуқуқидан 10 йилга чекланди.

Унинг бошқарувидаги “Mersedes Bens 180” русумли автомашина давлат фойдасига мусодара қилинди ва топилган “марихуана” гиёҳвандлик воситаси тегишли тартибда йўқ қилинди.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

Изоҳ билдириш