40491

Йўл ҳаракати қоидасини бузган ҳайдовчи ва яқинлари Тошкент шаҳар ИИББ ходимига қарши куч ишлатди

Ўзбекистон 30 май 10:01 486

Тошкент шаҳридаги «Олтин топган» блокпостида ЙПХ инспектори У.Ачилов томонидан Damas русумли автомобиль тўхтатилади. Бу ҳақида ИИББ ахборот-мультимедиа маркази хабар бермоқда.

Ҳайдовчи, 24 ёшли Х.Салоҳиддиннинг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларга эга эмаслиги аниқланади. Шунда ички ишлар ходими қоидага биноан машина жарима майдончасига жойлаштирилишини маълум қилади. Бу эса Салоҳиддиннинг отаси ва машинадагиларга ёқмайди. Улар ЙПХ инспекторини турли гап-сўзлар билан чалғита бошлайди ва фурсатдан фойдаланган ҳайдовчи воқеа жойидан қочиб қолади.

У. Ачилов ёрдамга қўшимча куч чақиради. ППХ сержанти Жавоҳир Элмуродов ҳамда ЙПХ инспектори Улуғбек Матмуродов қоидабузар машинаси ортидан боради. Улар автомобилини Бектемир туманининг Тинчлик кўчасида қувиб етади ва йўлини тўсиб тўхтатади. Ички ишлар ходимлари баённомани расмийлаштириш учун ҳайдовчидан паспортини сўрайди.

Шу вақтда қоидабузарнинг отаси, 1967 йилда туғилган Х. Ҳамидулло ва унинг яқинлари — Сурхондарё вилоятидан келган Н. Исматилло, 1974 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган Х. Нигора, 1992 йилда таваллуд топган, Тошкент шаҳрида яшовчи Х. Нодира ҳамда 1995 йилда туғилган, Қашқадарё вилоятидан Т. Отабек ички ишлар органлари ходимларига қаршилик кўрсатиб хизмат вазифасини бажаришига тўсқинлик қилади.

Улар ҳуқуқ посбонларига нисбатан зўравонлик қилиб, ЙПХ нозирининг қўлидаги баённомани йиртиб ташлайди. Погонларини юлиб олиш учун ходимларга ташланади.

Ушбу ҳолат юзасидан Бектемир тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми («Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш») билан жиноят иши қўзғатилди.

Изоҳ билдириш