40129

“Яндекс.Такси” лицензиясиз ҳайдовчилар ҳақидаги хабарга расмий изоҳ берди

Ўзбекистон 28 май 8:06 244

“Яндекс.Такси”нинг халқаро стратегия бўйича директори Арам Саргсян Ўзбекистонда “Яндекс.Такси” тизимида ишлаётган 26 нафар ноқонуний ҳайдовчи аниқлангани ҳақидаги хабарга қуйидагича изоҳ берди.

“Яндекс.Такси – бу мобил илова бўлиб, у маҳаллий фойдаланувчиларни маҳаллий таксопарклар билан боғлаш учун ишлатилади. Биз – йўловчи ташувчи эмасмиз. Бизда ўз машина ёки ҳайдовчиларимиз йўқ. Биз фақат маҳаллий юридик шахслар – таксопарк ва диспетчерлик хизматлари билан ишлаймиз. Шу сабали лицензия олиш учун жавобгарлик, ҳайдовчиларни текшириш ва бошқа масалалар уларнинг зиммасида.

Лицензияси йўқ ҳайдовчилар хақидаги хабарни биз тасдиқлай ёки инкор эта олмаймиз, чунки биз ҳайдовчилар билан тўғридан-тўғри алоқа қилмаймиз. Лекин биз билан шартнома имзолаган ҳамкорларимиз Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини ижро этиш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар. Агар биз бундай қонунбузарликлардан хабар топсак, албатта ҳамкоримиздан буни аниқлашни сўраймиз.

Эслатиб ўтамиз, биз Ўзбекистоннинг маҳаллий ва давлат органлари билан доимий равишда алоқадамиз ва биргаликда маҳаллий такси хизматлари бозорини қонунийлаштириш ҳақида ишламоқдамиз», — дейилган компания хабарида.

Uznews.uz хабарига асосан.

Изоҳ билдириш