39981

Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарималар миқдори оширилади

Ўзбекистон 25 май 10:44 1 767

2018 йилнинг сўнггига қадар Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчиларга нисбатан жарималар миқдорини оширишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини тайёрлаш режалаштирилмоқда, деб хабар берди «Sputnik».

Лойиҳада транспорт воситасини бошқариш маданиятини мунтазам равишда бузиб келган, шунингдек, огоҳлантирувчи чироқни ёқмасдан бир полосадан иккинчисига ўтганлар «йўл безорилари» ҳамда баланд овоздаги сигналлардан ноўрин фойдаланган ҳайдовчиларни маъмурий жавобгарликка тортиш масаласи ҳам ўз аксини топади.

Бундан ташқари, транспорт воситасини маст ҳолатда бошқарган ҳайдовчиларга нисбатан жавобгариликни кучайтириш, шу жумладан ушбу қоидабузарлик учун маъмурий қамоққа олиш чоралари кўрилиши ҳам назарда тутилмоқда.

Шунингдек, ЙПХ ходимларининг қонуний талабига бўйсунмай транспорт воситасини тўхтатмаган ҳайдовчиларга нисбатан ҳам жарималар миқдори оширилиши кўзда тутилган.

Янги ҳужжатда белгиланишича, шу йилнинг август ойидан бошлаб йўл қоидасини бузган пиёдалар ахборот-коммуникация воситалари орқали аниқланиб, электрон баённомалар расмийлаштирилиши йўлга қўйилади. Йўл қоидасини бузган пиёдалар учун ҳам жарималар ва жавобгарлик кучайтирилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти фармони билан 2017 йил 1 декабридан бошлаб республикада энг кам ойликиш ҳақи миқдори 1,15 фоизга оширилди. Бу эса, албатта, энг кам ойлик иш ҳақига боғлиқ бўлган барча турдаги жарималар миқдорининг ошишига сабаб бўлди. Жумладан Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори ҳам янги қийматда белгиланди.

Изоҳ билдириш