39862

Талабалар Шавкат Мирзиёевга шартнома пули борасида мурожаат йўллади

Ўзбекистон 24 май 9:33 1 679

Ломoносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкентдаги филиали талабалари Ўзбекистон Президентидан таълим учун шартнома тўловлар борасида ёрдам сўраб жамоавий мурожаат йўллади, деб хабар беради Sputnik.

«2017 йилнинг сентябрига қадар бизнинг университетда йиллик шартнома тўлови 4 минг доллар эди, тўлов Марказий банк курси бўйича миллий валютада, белгиланган кунда амалга ошириларди. Сўнгги марта ушбу сумма 16 миллион 840 минг сўмни ташкил этган. Шартонама пули доллар курсига қараб ҳар ҳафта ошиб борди. Бунинг натижасида биринчи курсда 10 миллион сўм тўлаган талабалар, 3-курсга бориб йилига 16 миллион сўм тўлайдиган бўлди. Бироқ Президентнинг 5177 фармони чиққанидан сўнг, шартнома пулини хорижий валютада ҳисоблашда қийинчилик туғилгани сабаб Марказий банкнинг 2017 йил 4 сентябрдаги курси бўйича (1 доллар = 4210 сўм) қайд этилди ва 2017—2018-ўқув йили учун 16 миллион 840 минг сўмни ташкил этди», — дейилади талабалар мурожаатида.

2017 йилнинг 5 сентябридан бошлаб расмий курснинг деярли икки баробарга ўзгарганидан сўнг, университет раҳбарияти талабаларга шартнома тўловлари оширилганини, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу камида 26 миллион сўм бўлишини маълум қилган.

«Ушбу маблағларни тўлай олмаган талабалар ўқишни ярим йўлда қолдиришга мажбур бўладилар ва ушбу қарор орқали улар ўз келажагини барбод қилишлари мумкин», — дейилади фаоллар томонидан йўлланган мурожаатда.

Мазкур мурожаатномага жами 133 киши имзо чеккан ва Ўзбекистон Олий таълим вазирлигига юборилган.

 

Изоҳ билдириш