3985

Қораўзак ва Берунийда бу йил цемент заводи ишга тушади

Иқтисод 18 апрель 12:16 295

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи Хўжамурат Қайпназаров «Қорақалпоғистон тонги» нашри билан суҳбатда янгидан ишга тушадиган завод ва корхоналар ҳақида айтиб ўтди, деб ёзади «KRuz.uz».

Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноатида жорий йилда умумий қиймати 247 миллиард сўмлик 105 лойиҳанинг амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Қораўзак туманида бу йил иккита цемент заводи ишга туширилади. Хусусан, йилига 200 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга «Титан цемент» корхонаси яқин кунларда фойдаланишга топширилади. Қиймати 64 миллиард сўмни ташкил этган мазкур лойиҳага кўра янгидан 200 иш ўрни яратилади. «Қорақалпоқ цемент» корхонасида ҳам йилига 200 минг тонна қурилиш ашёси ишлаб чиқарилади. Лойиҳа қиймати 37 миллиард сўм бўлган корхонада 120 киши иш билан банд бўлади.

Беруний туманидаги «Шаббоз Обод Цемент» корхонасида йилига 250 минг тонна цемент маҳсулотлари ишлаб чиқариш ташкил қилинади. 105 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилгач, 200 янги иш ўрни барпо этилади.

Шунингдек, дастурда 22 та пишиқ ғишт, 13 та шағал тош, 14 та темир бетон маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган.

Изоҳ билдириш