39643

Шойгу: Афғонистондаги вазият Марказий Осиёга таҳдид солмоқда

Ўзбекистон 22 май 14:02 1 236

Афғонистондаги вазият барқарор эмас, бу эса унга чегарадош мамлакатларга террористлар уюшмаларининг кириб боришига имкон яратади, деб таъкидлади Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Ўзбекистон Мудофаа муассасаси раҳбари Абдусалом Азизов билан музокараларда. Бу ҳақида ТАСС хабар берди.

Шойгунинг сўзларига кўра, Россия ва Ўзбекистоннинг ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлиги «конкрет ва жуда муҳим характер» касб этади.

«Бу албатта, биринчи навбатда, Ўзбекистон чегарасидаги таҳдидлар билан боғлиқ. Бу ерда Суриядан қўшни, чегарадош давлатларга, шу жумладан, Ўзбекистонга томон ҳаракатланаётган, тобора ортиб бораётган халқаро терроризм таҳдидини айтиб ўтиш лозим», — деди Шойгу.

«Биз бугун Афғонистондаги вазият янада барқарор ва янада хавфсиз бўлди, деб айтолмаймиз. Шуни инобатга олиш керак, Суриядан кетаётган уюшмалар, хусусан, Афғонистонга кўчиб ўтмоқда. Бу ерда мамлакат манфаатлари ҳимоясига тура оладиган ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш масаласи муҳим роль ўйнайди», — деб таъкидлади Россия Мудофаа вазири.

Шойгу халқаро терроризм хавфининг тарқалиши муносабати билан, Россия катта сонли ўзбекистонлик ҳарбий хизматчиларни ўқитишга, шунингдек, республикага ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш учун ўқитувчиларни юборишга тайёрлигини маълум қилди. У Россиядаги ўқув муассасаларида ўқиётган ҳарбий мутахассислар сонини «бир неча фоизга эмас, бир неча баробар ошириш»ни таклиф қилди.

Россия вазири сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳарбий мутахассислари Россияда яхши билимга эга бўлмоқда.

«Шунингдек, алоҳида режани, яъни дастурни тайёрлаш ҳам муҳим деб ҳисоблаймиз, уни эса сиз билан Россияда августда бўлиб ўтадиган ‘Армия-2018’ Халқаро ҳарбий-техник форум чоғида кўриб чиқишга умид қиламиз, ушбу жараёнда сиз билан ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлисини ҳам ўтказишимиз мумкин», — деди вазир.

Изоҳ билдириш