39506

Узоқ кутилган “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди

Ўзбекистон 21 май 13:09 1 423

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида «Давлат хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.

Қонун Президентга, депутатларга, сенаторларга, маҳаллий кенгашлар депутатларига, судьяларга, яъни сайланадиган лавозимларга татбиқ этилмайди.

Бош вазир, ҳукумат аъзолари, ҳокимларга ушбу қонун талаблари қўлланилиши мумкин. Ҳуқуқ-тартибот органлари ҳуқуқий мақоми ўзига хослигидан келиб чиқиб қўлланилади.

Давлат хизмати нима? Қонун лойиҳасига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг давлат лавозимларида ёки Миллий кадрлар захирасидаги оммавий манфаатларда амалга ошириладиган ҳақ тўланадиган профессионал фаолиятидир.

Қонун лойиҳасининг моддаларидан бири (25), барча давлат хизматчиларига (техник гуруҳ ходимлари тоифасидагилар бундан мустасно) ҳар йили мол-мулки ҳақида декларация, даромадлари ва катта харажатлари тўғрисида маълумот беришини мажбурий қилиб қўйишни таклиф этмоқда.

Агар қонун қабул қилинса, давлат хизматчилари ўз оила аъзолари, шу жумладан ота-онаси, турмуш ўртоғи, фарзандларининг мол-мулки, даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этишга мажбур бўлади.

Айрим тоифадаги давлат хизматчилари учун (уларнинг рўйхати президент томонидан белгиланади) мулкка, даромадларга ва катта харажатларга қўшимча талаблар белгиланиши мумкин.

Давлат хизматига қабул қилиниш учун барча номзодлар, уларнинг биринчи даражали қариндошлари бўлган оила аъзоларини давлат хизматига кириш вақтида мол-мулк декларацияси, даромадлар ва ва катта харажатлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши мажбурий қилиб қўйилиши мумкин.

«Декларацияни топширганлик ҳақидаги маълумот давлат хизмати ишлари бўйича ваколатли орган томонидан, номзоднинг давлат хизматига қабул қилиш ҳақидаги қарор чиқарилгунга қадар текширилади», – дейилади лойиҳада.

Хизматчи нотўғри ва тўлиқ бўлмаган маълумотларни тақдим этса (ёки умуман топширмаса), бу уни ишдан бўшатишга асос бўлади.

Ҳужжатни 5 июнга қадар муҳокама қилиш мумкин. Кучга киритилиши режалаштирилган сана – 1 июль.

Қуйидаги ҳавола орқали таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан батафсил танишиб унда иштирок этишингиз мумкин.

Изоҳ билдириш