39432

1 июндан Давлат хизматлари кўрсатиш марказлари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари турлари яна 31 тага кўпаяди (жадвал)

Ўзбекистон 19 май 16:53 2 065

2018 йил 1 июндан Давлат хизматлари кўрсатиш марказлари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари турлари яна 31 тага кўпаяди. Бу ҳақида Адлия вазирлиги маълум қилди.

Булар:

туғилганликни қайд этиш; ўлимни қайд этиш; ФҲДЁ органлари томонидан архив ҳужжатларини бериш, такрорий гувоҳномалар бериш; фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувини тиклаш; фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритиш;

Тошкент давлат юридик университетига ўқишга кириш учун ҳужжатларни топшириш;

нотариат органлари томонидан архив ҳужжатларини бериш; судланганлик ҳақида маълумотнома бериш;

манзил-маълумот ахборотларини тақдим этиш; хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширишга рухсатнома; меҳнат органларида фуқароларни ишсиз сифатида рўйхатга олиш; ишсизлик нафақасини тайинлаш; ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш учун ариза бериш;

телекоммуникациялар тармоқларини лойиҳалаш, қуриш, фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш;

ветеринария фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш; туризм фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш;

жисмоний шахс – солиқ тўловчининг солиқ ва бошқа тўловлардан қарзи йўқлиги (борлиги) ҳақида маълумотнома бериш; жисмоний шахсларга СТИР бериш;

нотурар жой тоифасидаги кўчмас мулк объектлари бўйича кадастр хизматини кўрсатиш; турар жой тоифасидаги кўчмас мулк объектлари бўйича кадастр хизматини кўрсатиш;

фуқароларнинг номида шахсий турар жойи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома бериш; хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш);

электр энергияси, табиий газ, сувни ҳисобга олиш (ҳисоблагич) ускунасини ўрнатишга ариза бериш; электр энергияси, табиий газ, сувни ҳисобга олиш ускунаси (ҳисоблагич)ни ечишга ариза бериш;

электр энергияси, табиий газ, сувни ҳисобга олиш ускунаси (ҳисоблагич)ни қиёслашга ариза бериш;

фуқароларга фарзанд туғилганда тўланадиган бир маротабалик нафақа пулини олиш учун мурожаат қилиш;

дафн маросимларини ўтказиш учун тўланадиган бир маротабалик нафақа пулини олиш учун мурожаат қилиш;

пенсия ва нафақа олувчилари рўйхатида мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома бериш; пенсия ва нафақалар миқдори тўғрисида маълумотнома бериш;

миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларининг янги намуналарини бериш.

Маълумот учун: Ҳозирги кунда ҳайдовчилик гувоҳномаларининг янги намуналарини бериш ёки алмаштириш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш Тошкент шаҳрининг Миробод, Юнусобод, Учтепа, Шайхонтоҳур туманлари ва Наманган шаҳар Давлат хизматлари марказларида жорий этилган.

2018 йил 1 июндан эътиборан Нукус, Андижон, Термиз, Когон, Зарафшон, Шаҳрисабз, Қўқон шаҳарлари, Дўстлик, Пастдарғом, Сирдарё, Чирчиқ, Хонқа туманлари Давлат хизматлари марказларида ҳам мазкур давлат хизмати кўрсатилади.

Изоҳ билдириш