39374

Йўл таъмирланмаганлиги натижасида содир бўлган ЙТҲ учун ким жавобгар?

Ўзбекистон 19 май 11:12 1 285

Мени бир нарса қизиқтиради. Одатда йўллар кавлаб қўйиладида, ойлар давомида таъмирланмасдан ётади. Кўп ҳолларда таъмирланаётганлиги ҳақида белги ҳам бўлмайди. Шу каби сабаблар орқали транспорт ҳодисаси рўй берса, бундай вазиятларда йўлни кавлаган ёки шу йўлга масъул бирор ташкилот жавобгар бўладими-йўқми? Бунинг учун қаерга мурожаат этиш мумкин?

Автомобиль йўллари минтақасида хавфсизликни таъминлаш ва ташкил этиш қоидаларига асосан таъмирлаш ишларини амалга ошираётган ташкилот таъмирлаш ишлари олиб борилаётган жойлардаги ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан тегишли чора-тадбирларни кўриши лозим.

Таъмирлаш ишлари олиб борилаётган жойлар тўсувчи шитлар, энсиз тўсиқлар, устунчалар, ишора устунчалари, конуслар, рангли байроқчали боғичлар, ишора чироқлари ёрдамида тўсиб муҳофазаланади.

Таъмирлаш ишлари олиб борилаётган жойларда ишлар тугаллангунга қадар хавфсиз ҳаракатланишни ташкил этиш масъулияти мазкур ишларни амалга ошираётган ташкилот раҳбарлари зиммасида бўлади.

Юқоридагиларга кўра бундай ҳолларда, йўлнинг қатнов қисми кавлангани ёки таъмирланаётгани тўғрисида ҳеч қандай огоҳлантирувчи белгилар қўйилмагани оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берса, жабрланувчилар судга мурожаат этишлари мумкин.
Суд ишни кўриб чиқиб, жавобгарларнинг хизмат вазифасига эътиборсизлиги ва масъулиятсизлиги натижасида ҳайдовчи ва йўловчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарни аниқлайди ва даъводаги важлар тасдиқланса, зарарни ундириб беради.

@huquqiy axborot

Изоҳ билдириш