39230

70 ёшли Муҳаммад бобо велосипедда бутун Ўзбекистонни забт этди (фото)

Ўзбекистон 18 май 11:43 915

Ўзбекистон гўзал мамлакат. Унинг таърифини эшитганлар, қанчалик узоқ бўлмасин бир кўриш иштиёқида бўлишади. Бу жаннатмакон ўлкага ташриф буюргач эса тарихи, қадим манзаралари, маданияти-ю, халқининг меҳмондўстлигидан бир олам таассуротлар билан қайтади. Ҳар бир саёҳатчи, аввало, ўзи яшаётган диёрни, сўнгра бошқа мамлакатларни кезгани йўлга отланса, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлаймиз.

Ўзбекистондаги барча вилоятларда бўлган саёҳатчимиз жуда катта таассуротлар билан шаҳримизга қайтганликларини айтиб ўтдилар. Асли касблари чизмачилик фани ўқитувчиси бўлган 70 ёшли Муҳаммад бобонинг “Дурдона” нашриётида 10 та бадиий китоблари нашр қилинган ҳамда “Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси” унвони билан ҳам тақдирланганлар. Касалликлари туфайли ҳар тонг 5 да уйғониб, велосипедда 15 км, пиёда 5 км сайр қилиб келишни одат қилганлар. 2017-йилда эса велосипедда Самарқандга бориб Республикамизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов қабрларини ҳам зиёрат қилиб қайтган эдилар.

  

  

Бухоро вилояти Пешкў туманидан бутун Ўзбекистоннинг барча вилоятларини саёҳат қилиш мақсадида велосипедда йўлга чиққан эдилар. Бир пайтлар юрак хуружи ташхиси қўйилган ушбу фахрий саёҳатчи Тошкентгача бўлган масофани 6 кунда босиб ўтдилар. Илгари Вилоятимизда жойлашган “Етти Пир” қадамжоларини зиёрат қилган Муҳаммад бобо энди юртимиз бўйлаб саёҳатга чиқишни мақсад қилган эди. Мана, уларнинг бу ниятлари ҳам амалга ошди. Шу саёҳатлари сабабли 2018-йилги баҳор мавсумининг “Энг фаол саёҳатчи” номинатсияси билан тақдирландилар.

  

  

  

Ҳар куни соатига 10-15 км, бир кунда 120 кмгача бўлган масофа давомида Муҳаммад бобо билан кўплаб кутилмаган, қизиқарли воқеалар ҳам содир бўлди. Айниқса, чўлда кетаётганларида оч чиябўрилар, улардан сал ўтиб эса эчкиэмар ортларидан қувганини кулиб ҳикоя қилиб бердилар.

  

  

Вилоятларда бўлар эканлар, Сурхондарёда ўтказилган “Бойсун баҳори” фестивали ўзгача руҳда ўтганлигини ҳам алоҳида эътироф қилдилар. Фахрий саёҳатчимизнинг кейинги саёҳат хариталари муқаддас Рўзайи Рамазон ойларидан сўнг Туркманистон ҳамда Тожикистон Республикаларига белгиланганлигини қўшимча тарзда билдирдилар. Саёҳатчимизга куч-қувват, сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз. Ҳамда туризмни ривожлантиришда қўшаётган ҳиссалари учун алоҳида миннатдорчилик билдирамиз, дейилади Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабарида.

Изоҳ билдириш