39189

Ўзбекистон ҳайдовчиларни 100 баллик тизимда баҳолашга ўтиши мумкин

Ўзбекистон 18 май 8:17 807

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳайдовчиларни баҳолашнинг баллик тизимини татбиқ этиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақида Тошкент шаҳар ИИББ ахборот мультимедиа маркази раҳбари Бахтиёр Иноғомов 17 май, пайшанба куни бўлиб ўтган брифинг чоғида маълум қилди, дея хабар қилди Газета.уз

Иноғомовнинг сўзларига кўра, ушбу таклиф Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов томонидан 16 май куни Олмазор тумани аҳолиси билан бўлиб ўтган учрашув чоғида айтиб ўтилган.

Амалдаги Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ, ҳайдовчи бир йил давомида уч марта бир хил турдаги қоидабузарликка йўл қўйса, у ҳайдовчилик гувоҳномасини қайтадан қўлга киритиш учун имтиҳон топшириши керак бўлади. Ҳозирги вақтда лойиҳаси ўрганиб чиқилаётган баллик тизим айнан шу жараён ўрнини эгаллаши кўзда тутилган.

«Дейлик, ҳайдовчининг ҳисобида 100 балл бор. Ҳар бир қоидабузарлигидан сўнг унинг баллари камайиб боради, кўрсаткич 0 га тушиб қолгач — лимитини тўлиқ тугатгач — ҳайдовчи қайтадан имтиҳон топшириши керак бўлади. Бу ҳали лойиҳа даражасидаги таклиф, кўриб чиқиляпти. Аввал ўрганилади, жорий қилиш мақсадга мувофиқ деб топилса, қоидаларга ҳам киритилади», — деди Бахтиёр Иноғомов.

Қайд этиш жоиз, Ички ишлар вазирлиги ушбу ғояни кўриб чиқиш жараёнида ҳайдовчиларнинг бунга муносабатини ҳам ўрганишни мақсад қилган.

Изоҳ билдириш