38201

Ўзмиллийбанк: Қозоғистон Сбербанки билан «давра суҳбати» ва семинар ўтказди

Иқтисод 8 май 9:44 307

2018 йилнинг 7 май куни Ўзмиллийбанкнинг Бош офис биносида «Сбербанк» АЖ шуъба банки (Қозоғистон) ҳамкорлигида «Сбербанк – Ривожланиш стратегияси» мавзусида ташкил этилган «давра суҳбати» ва семинар ўтказилди.

Ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Ўзмиллийбанкининг Бош офиси департамент директорлари ва етакчи мутахассислари ҳамда филиаллари бошқарувчилари билан биргаликда «Сбербанк» АЖ шуъба банкининг Бошқарув Раиси А.И.Камалов бошчилигидаги вакиллари катнашди.

«Давра суҳбати» давомида асосий мавзу бўйича тақдимотни Қозоғистон банкининг раҳбари Александр Камалов тақдим этди. Учрашув қатнашчилари томонидан ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, икки молия институтлари ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш ва ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама этилди.

Ушбу тадбир доирасида «Сбербанк» АЖ ШБ вакиллари томонидан Ўзмиллийбанк ходимлари учун «Чакана бизнесда янги маҳсулотларни ишлаб чиқиш», «Дастурий таъминот ва бизнес жараёнларни такомиллаштириш» ҳамда «Савдони молиялаштириш ва халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни ривожлантириш» йўналишлари бўйича бўлимлардаги семинарлар ўтказилди.

Мазкур семинар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 мартдаги ПҚ-3620-сонли «Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшма чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорига асосан банк фаолиятининг илғор халқаро тажрибасини ўрганиш ҳамда банк хизматлари ва маҳсулотларининг янги турларини жорий этиш мақсадида ташкил этилди.

Маълумот ўрнида:
«Сбербанк Россия» АЖ шуъба банки (Қозоғистон) Сбербанк халқаро гуруҳига киради. Банк Қозоғистоннинг молия бозорида 11 йилдан бери муваффақиятли фаолият олиб бормоқда ва Қозоғистон тижорат банклари ичида активлари ҳажми буйича 4-ўрнини эгаллайди. «Сбербанк» АЖ ШБ ҳозирги кунда 87 та таркибий бўлинмадан иборат тизимли тармоққа эга, улардан 16 таси филиал деб ҳисобланади. Банкнинг Бош офиси Олмота шаҳрида жойлашган.

Изоҳ билдириш