38014

«Отангга бор, онангга бор». Вазирлик ўз вазифасидан бехабарми? Вазирлик жавоб берди

Ўзбекистон 4 май 15:07 971

Куни-кеча ижтимоий тармоқларда журналист Лутфилло Турсуновнинг «Отангга бор, онангга бор». Вазирлик ўз вазифасидан бехабарми? Номли мақоласи эълон қилинди. Бу ҳақида Мактабгача таълим вазирлиги мақолада кўтарилган муаммони атрофлича ўрганиб қуйдагиларни маълум қилади:

Мақола муаллифи жорий йилнинг 28 март куни Вазирлар Маҳкамасининг 244-сонли “Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиклаш тўғрисидаги” қарорига асосан Ўзбекистонда болаларни мактабгача таълим муассасаларига жойлаштириш юзасидан тушунмовчиликлар, сансанорликларга дуч келинаётганлигини баён этган.

Жумладан, муаллиф “Аризани ким кўриб чиқиш керак?” – деган саволига Мактабгача таълим вазирлигининг мутахассисларидан жуяли жавоб ололмаганлигини танқид остига олган.

Вазирлик раҳбарияти томонидан зудлик билан ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, ҳақиқатдан ҳам вазирликнинг 215-52-79 телефон рақамига мурожаат бўлган. Ушбу мурожаатга вазирликка келган янги мутахассис тўлақонли жавоб бера олмаган ва девонхона бош мутахассиси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 мартдаги 244-сонли қарорига таянган ҳолда мурожаатчига жавоб қайтаришга ҳаракат қилган.

Тан олиш лозим, ҳар бир ҳуқуқий асосни оддий ва ҳалқчил тилда тушунтириб бериш ҳамма мутахассисларнинг ҳам қўлидан келавермайди. Шу боис, вазирликка мурожаат қилган журналистга бу масалада тўлақонли жавоб қайтарилмаган.

Кези келганда шуни айтиш лозимки, Мактабгача таълим вазирлиги янги тизим бўлганлиги ва янги бинога эндигина кўчиб ўтганлиги ҳамда вазирлик масъулларининг телефон рақамлари ҳали тўлалигича йўлга қўйилмаганлигини алоҳида таъкидлайди.

Мактабгача таълим вазирлигнинг ҳозирда тест синовида ишлаётган www.mdo.uz сайтига вазирлик девонхонасининг телефон рақами вақтинча Ишонч телефони рақами сифатида жойлаштирилганлиги ҳам ушбу муаммони келиб чиқишида аҳамиятга эга . Сабаб, ҳар бир вазирлик ва идоранинг 24 соат мурожаатларни қабул қилувчи Ишонч телефони мавжуд бўлиши шарт.

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан фуқаролар мурожаатини қабул қилиш учун махсус Ишонч телефон хизматини йўлга қўйиш учун тегишли идора ва алоқа компанияларига мурожаат этилган.

Аммо, бу сабаблар фуқаролар мурожаатини ўз вақтида кўриб чиқиш ва тезкорлик билан мурожаатчига жавоб қайтаришга тўсқинлик қилди дейишдан йироқмиз ва бу баҳона бўла олмайди. Шу боис, вазирлик маъмурияти мурожаатчига ушбу масалага жиддий эътибор қаратганлиги боис ўз миннатдорчилигини билдиради.

Айнан мана шу мақола бу борадаги ишларни тезкор ва сифатли ташкил этишга туртки бўлди дейишга ҳақлимиз. Хусусан, вазирлик рахбарияти томонидан зудлик билан ишчи гуруҳи тузилиб, мутахассисларга топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Ҳар бир ота-она хозирги кунда Мактабгача таълим вазирлиги тизимига кирувчи барча мактабгача таълим муассасалари ҳақида https://emis.mpe.uz/core порталидан маълумот олиши мумкинлигини эслатиб ўтилган.

Ҳозирги кунда ушбу портал маълумотлар базаси шакилланмоқда. Порталга кириш учун логин otaona, сирли сўз ҳам otaona.

Хулоса ўрнида таъкдлаш лозимки, “Болани боғчага қандай жойлаштирасиз?” мавзусидаги кичик йўриқнома тайёрланди ва www.mdo.uz сайтига ҳамда ижтимоий тармоқларга жойлаштириш, шунингдек барча МТМ кўргазмали баннер сифатида жойлаштириш учун тавсия этилди. Қолаверса, бу борада Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Давлат хизматлари маркази билан ҳамкорликда видеоролик тайёрланмоқда ва яқин кунларда марказий ва маҳаллий телеканалларда эфирга узатилиши режалаштирилди, дейилади вазирлик хабарида.

Изоҳ билдириш