38000

Ташқи рекламани жойлаштиришда ҳокимиятнинг розилиги бекор қилинади

Ўзбекистон 4 май 11:56 560

ҚҲТБТ порталида ташқи реклама соҳасидаги фаолиятни тартибга солиш чора-тадбирлари лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Давлат органларининг ваколатлари аниқлаштирилади.

Norma’нинг ёзишича, ташқи реклама соҳасини тартибга солиш вазифалари қуйидагича тақсимланиши таклиф этилмоқда:

Давлат муассасалари биноларига рекламани жойлаштиришга рухсат берилади

Давлат бошқаруви органлари ва давлат ташкилотлари уларга тегишли биноларни (бошқа мол-мулкни) ташқи реклама учун тақдим этадилар. Улар билан реклама тарқатувчилар ва «Ижара маркази» ДУК шартнома тузади.

Бунда рекламани жойлаштириш учун ажратилган умумий вақтнинг камида 20%и ижтимоий рекламага ажратилади. Ижтимоий рекламани жойлаштиришнинг энг кам ҳажми («Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддаси) ҳар бир ташқи реклама объекти бўйича ҳисобланади.

«Рекламадан холи зоналар» ташкил этилади

Туманларда (шаҳарларда) «рекламадан холи зоналар» ташкил этилади. Улар давлат ҳокимият органлари, маданий-тарихий, диний ва табиатни муҳофаза қилиш объектлари жойлашган жойларда бўлади. Бу ҳақда аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига хабар қилинади.

У ерда электрон аукционлар якунлари бўйича ташқи реклама объектларини қуриш ҳуқуқини олган ва мазкур зоналар инфратузилмасини ривожлантиришга кўмаклашиш мажбуриятини қабул қилган инвесторларгина тижорий ташқи рекламаларни жойлаштиришлари мумкин бўлади.

Ахлоқ қоидаларига зид рекламаларга рухсат берилмайди

«Тошкент реклама сервис» ДУК (реклама-ахборот фаолияти бўйича пойтахт ҳокимлиги комиссияси ишчи органи – таҳр.) тугатилади. Унинг ўрнига «Тасвирий ойина» ижодий бирлашмасининг пойтахт филиали очилади. Бу ташкилот реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини таъминлайди. Асосийси – ташқи рекламада ахлоқ ва маънавиятнинг умум эътироф этилган нормаларига тажовуз қилинишига, ўсиб келаётган авлодга салбий таъсир этувчи деструктив маълумотлар берилишига йўл қўймаслик.

Бирлашма шартнома асосида ижтимоий ва тижорий ташқи реклама ғояси, мавзуси ва эскизларини ихтиёрий экспертизадан ўтказиш бўйича хизматларни кўрсатади.

Рекламани ноқонуний жойлаштирганлик учун жарималар жорий қилинади

Ташқи реклама объектларини (реклама конструкцияларини) ноқонуний жойлаштирганлик учун маъмурий жавобгарликни жорий қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирги вақтда реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун (МЖТКнинг 1781-моддаси), порнографик маҳсулотларни (МЖТКнинг 189-моддаси) ва зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни реклама қилганлик учун (МЖТКнинг 1891-моддаси) маъмурий жарималар амал қилмоқда.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

Изоҳ билдириш