37958

Абу Али ибн Сино мероси мажмуаси барпо этилади

Ўзбекистон 4 май 10:19 444

Ҳукуматнинг 2018 йил 3 майдаги фармойишига мувофиқ, Бухоро вилоятининг Пешку туманидаги Афшона қишлоғида халқ табобати маркази, экобоғ (қишки боғ), ҳовуз, миллий чойхона, табиий гиёҳлар, дориворлар, аллома ижоди ва табобатга оид адабиётлар савдо шохобчаси, кутубхона ҳамда замонавий меҳмонхонани ўз ичига олган Абу Али ибн Сино мероси мажмуаси барпо этилади. Бу ҳақида Адлия вазирлиги маълум қилди.

Мазкур Мажмуа маҳаллий ва хорижий инвесторлар маблағларини жалб этилган ҳолда 2019 йилнинг август ойига қадар ишга туширилади.

Бухоро аэропорти ва темир йўл вокзалидан Афшона қишлоғига хавфсизликни таъминлаган ҳолда туристик автобус, микроавтобус ва такси хизматлари ташкил этилади.

Фармойишда шунингдек, Абу Али ибн Сино довруғини жаҳон миқёсида янада кенг тарғиб қилиш бўйича мунтазам равишда хорижий мамлакатлар, айниқса буюк олим ҳайкали ўрнатилган Франция, Австрия, Бельгия, Туркия, Эрон ва Тожикистон давлатлари делегацияларининг Ўзбекистонга ташрифларини ташкил этиш ҳам назарда тутилмоқда.

Изоҳ билдириш