37947

Сув тармоғи тортилмаган ва ичилмаган сув учун 2 601 803 сўм қарздорлик ҳисобланди

Ўзбекистон 4 май 8:49 553

Фарғона шаҳрида яшовчи Х.Султоновнинг, хонадонига “Сувоқава” ДУК Фарғона шаҳар филиали томонидан ҳисобланган 2 601 803 сўм нореал қарздорликдан норози бўлиб, ёзган аризаси ЎИҲҲҚЖФ Фарғона шаҳар жамияти мутахассислари томонидан ўрганилганда, аризада кўрсатилган фактлар тасдиғини топди. Бу ҳақида Asr.Uz`га жамиятнинг мутахассиси хабар берди.

Аризани ўрганиш давомида хонадон филиалнинг марказий ичимлик суви тармоғига уланмаганлиги, хонадон ҳовлисида ер тагидан сув тортиш мосламаси (качалка) ўрнатилганлиги, хонадон ҳаммомига шу мослама ёрдамида сув тортилганлиги, ошхона ва хонадоннинг бошқа ҳеч қайси хонасига сув тармоғи тортилмаганлиги аниқланди.

Хонадон эгасининг тушунтиришича, “Сувоқава” ДУК Фарғона шаҳар филиалига ҳеч қачон тўлов амалга оширилмаган, филиалнинг сувидан фойдаланилмаган, лекин филиал томонидан Х.Султоновнинг иш жойига 2 601 803 сўм қарздорлик тўғрисида маълумот берилиб, иш ҳақидан тўлаб берилиши сўралган.

Ўрганиш давомида филиал мутахассислари томонидан ҳисоб-китоблар қайта кўриб чиқилганда, хонадон филиалнинг мижози эмаслиги, хонадоннинг ичимлик суви истеъмоли ва оқава хизматлари кўрсатилишидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги аниқланди. Филиал томонидан бу тўғрисида 09.03.2018-йил кунги 4045-сонли маълумотнома ўрганишга тақдим қилинди.

Х.Султонов ўрганиш натижалари билан танишиб, аризаси бўйича бошқа эътирози йўқлигини, ўзига кўрсатилган амалий ёрдам учун жамият ходимларига ўз миннатдорчилигини маълум қилди.

Изоҳ билдириш