37836

Иккинчи жаҳон уруши техникалари Тошкент кўчаларини айланди (фото+видео)

Ўзбекистон 3 май 11:25 1 083

Мудофаа вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши томонидан Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги ҳарбий техникаларда ўша йилларнинг ҳарбий кийимини кийган ҳарбий оркестр ва ансамбль ижодкорларининг Тошкент кўчалари бўйлаб ҳаракатланиши ва куй қўшиқларни ижро этишидан иборат акция ўтказилди.

Бу акция пойтахт аҳолиси ва меҳмонларида катта таассурот қолдирди. Тадбирда уруш даври ҳарбий кийимларини кийган ҳарбий хизматчилар юк автомобиллари бортидан жой олиб, фашизм устидан қозонилган ғалаба, тинчлик ва осойишталикка бағишланган ўша даврдаги ва бугун оммалашган ўзбек тилидаги ҳарбий куй-қўшиқларини куйладилар.

Автомобиллар колоннаси Усмон Носир ва Амир Темур кўчаларида ҳаракатланиб, Шота Руставели, Темурийлар тарихи давлат музейи, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши биноси олдида тўхтаб ўтди. Кўпчилик ҳайдовчилар автоколоннага ҳамроҳ бўлди.

Тадбир ёшларни боболаримиз жасоратидан ибрат олишга, мустақил Ўзбекистон учун янада фидойи бўлишга ундади. Мана шундай тадбирлар эл-юртимизнинг тинч ва осуда ҳаётини ҳимоя қилишда курашиб жон берган, ҳеч қачон ёвуз душман олдида бош эгмаган аждодлар номлари ва хотираси халқимизнинг ёдида умрбод, абадий сақланишига хизмат қилади.

Изоҳ билдириш