37324

Анвар қори Турсунов 19 кундан бери кома ҳолатида экани хабар қилинди

Ўзбекистон 27 апрель 12:32 2 404

Микроинсульт билан касалхонага тушган Тошкент шаҳар ва “Минор” масжиди бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов 19 кундан бери кома ҳолатида ётибди. Бу ҳақда шоир Муҳаммад Исмоил ўзининг Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.

Мана ўн тўққиз кунки, улуғ устозимиз, замонамизнинг алломаи кироми, донишманд инсон Анвар қори Турсун ўзларига келолмай, кома ҳолатида ётибдилар. Эртага жума номозида дуо қилинглар азизлар ! Анвар ака ҳалол, покиза, тўғрисўз ва ҳамиша, ҳаммавақт ҳаммага яхшилик қилиш пайида яшайдиган, кеча-ю кундуз элимизни, миллатимизни дуо қилиб чарчамайдиган, илму-урфон тарқатишни ўз ҳаётининг мазмуни деб биладиган, ҳаётининг бош мақсади ислом ахкомларини кенг ёйиш, кишиларни Қурон ва Ҳадис нурлари билан зиёлантириш, Қуръон асосида яшашни олий мартаба деб билган ва Ер юзида бугун истиқомат қилаётган энг улкан уламолардан биттасидир.

Мен қарийб ўттиз йилдан буён у кишининг ёнларида юриб юқорида айтган сўзларимга минг бор иқрор бўлганман.

Мен учун, Анвар ака дўстим десам дўстимдан аъло, ака десам акамдан аъло, устоз десам устоздан аъло инсондир. Анвар ака мусулмон бандаси борки, ҳамиша ҳаммасига чексиз эҳтиром кўрсатадиган, қалби меҳру-муҳаббатга тўлиқ меҳридарё инсондирлар. Азизлар, муҳтарам устозимизни дуо қилишингизни ўтиниб сўраб қоламан !

Биз йиллар давомида Анвар аканинг илму-зиёсига муҳтож эдик, бугун у зот сизнинг дуоингизга муҳтож, зора Сизнинг дуоингиз сабаб Оллоҳ таоло шифои комил ато этса ажаб эмас, дейилади шоир Муҳаммад Исмоил тармоқда қолдирган хабарида.

Изоҳ билдириш