37315

3 ойда истеъмолчилар фойдасига 1 миллиардга яқин маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди

Иқтисод 27 апрель 11:46 450

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 2018 йил I чорак якунларига бағишланган навбатдаги Кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Федерация ва қуйи тузилмаларига келиб тушган ариза ва шикоятларнинг 2 974 таси яъни, 88 фоизи ижобий ҳал этилиши натижасида, истеъмолчилар фойдасига жами 922 701 359 сўм етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилгани алоҳида таъкидланди.

Шундан, Федерация ва унинг туман-шаҳар жамиятлари томонидан, истеъмолчилардан тушган 38 та ариза ва шикоятлари асосида истеъмолчиларнинг манфаатларини кўзлаб суд органларига даъво аризалари киритилиши ва ижобий ҳал этилиши натижасида 89 041 950 сўм моддий ва маънавий зарарлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Бундан ташқари, Федерациянинг туман-шаҳар жамиятлари томонидан, истеъмолчилардан тушган жами 60 та мурожаат истеъмолчиларнинг манфаатларини кўзлаб назорат органларига ўтказилиб ижобий хал этилиши натижасида истеъмолчилар фойдасига 5 307 000 сўм ҳисобланишига эришилди.

Аҳоли томонидан мазкур ҳисобот даврида федерация ва унинг ҳудудий бўлинмаларига қилинган мурожаатлар соҳалар кесимида таҳлил қилинди ва истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатларнинг катта қисми табиий газ таъминоти соҳасига 942 та (жами аризаларнинг 27,9 %), савдо соҳасига 874 та (жами аризаларнинг 25,9 %), электр таъминоти соҳасига 532 та (жами аризаларнинг 15,7 %), коммунал хизмат кўрсатиш соҳасига 134 та (жами аризаларнинг 4,0 %), сув таъминоти соҳасига 178 та (жами аризаларнинг 5,3 %), транспорт соҳасига 94 та (жами аризаларнинг 2,8 %), алоқа соҳасига 87 та (жами аризаларнинг 2,6 %), соғлиқни сақлаш соҳасига 57 та (жами аризаларнинг 1,7 %) ва бошқа соҳаларга 482 та (жами аризаларнинг 14,3 %) мансублиги қайд этилди.

Бу кўрсатгичлар фуқароларимизнинг Федерацияга бўлган ишончи кундан-кунга ортиб бораётганлигидан дарак беради. Мисол учун, 2017 йил якунида “Истеъмолчилар кўпроқ қайси давлат органига ишонади?” деган савол билан potrebitel.uz ахборот ресурси кенг жамоатчилик ўртасида ижтимоий сўров ўтказди. Сўров қатнашчиларига Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Ўзстандарт” агентликларидан бирини белгилаш имконияти берилди. Натижаларга кўра 56,6 фоиз овоз билан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси истеъмолчилар ишонадиган ташкилотлар ичида пешқадам эканлигини кўрсатди.

Чораклик даврида “Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхоналарига фуқаролардан жами 1 367 та мурожаат (коммунал хўжалик-169 та, савдо-278 та, соғлиқни сақлаш-80 та, газ таъминоти-179 та, сув таъминоти-55 та, алоқа-39 та, транспорт-77 та, электр таъминоти-147 та ва бошқа соҳаларга-343 та) келиб тушган бўлиб, шундан 817 та мурожаат бўйича фуқароларга қонун талаблари юзасидан тушунтиришлар, 107 та мурожаат юзасидан давлат ва назорат қилувчи органларга, 17 та мурожаат юзасидан эса суд органларига мурожаат қилиш таклифи берилди. Ягона интерактив портал орқали Федерацияга тегишлилиги бўйича жами 60 та мурожаат келиб тушган ҳамда қонунчиликда белгиланган муддатларда ижроси таъминланган.

Ҳисобот даври давомида Федерация ва унинг ҳудудий тузилмалари ҳамда туман, шаҳар жамиятларига истеъмолчилардан жами 3 380 та: 1 634 та, (48,3 %) ёзма, 1 675 таси (49,6 %) оғзаки мурожаатлар ҳамда Федерациянинг виртуал қабулхонаси ва ягона давлат интерактив порталига 71 та (2,1 %) электрон мурожаатлар келиб тушган.

Аҳоли билан мулоқотларни янада самарали ташкил этиш, жойларда сайёр чиқишлар орқали фуқароларнинг муаммоларини тизимли ўрганиш, мулоқотлар давомида аниқланган камчиликларни бартараф этилишида самарали жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 2018 йил 5 февралдаги 11-и/ч-сонли буйруғига асосан, ҳар ойнинг иккинчи ўн кунлиги Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бирлашмалари, туман-шаҳар жамиятлари ижро этувчи аппаратлари раисларининг аҳоли билан уйма-уй юриб мулоқот қилиш кунлари этиб белгиланди.

Ушбу буйруқ ижроси юзасидан жамланган маълумотларга кўра,
2018 йилнинг 1-чораги мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бирлашмалари ва туман-шаҳар жамиятлари раислари томонидан аҳоли билан 1997 марта мулоқот ўтказилди. Аҳоли билан юзма-юз учрашувлардан маълум бўлдики, аксарият истеъмолчилар уй-жой коммунал, савдо ва соғлиқни сақлаш соҳаларида муаммоларга дуч келишмоқда.

Федерация ҳудудий бирлашмалари ва туман-шаҳар жамиятларининг ўз маблағлари ҳамда ҳомийлар маблағлари ҳисобидан 2018 йилнинг I чораги давомида аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказиши жараёнида 23 нафар кам таъминланган фуқаролар ҳолидан ҳабар олиниб, уларга 13 миллион 515 минг сўм миқдоридаги моддий ёрдамлар кўрсатилган.

Фурқат АЛИМАРДОН

Изоҳ билдириш