36542

“Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди

Ўзбекистон 20 апрель 8:57 439

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни билан «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг тўққизта моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритилди. Бу ҳақда «Инсон ва қонун» хабар берди.

Қонун 71-модда билан тўлдирилди. Шунингдек, 16-моддада кўрсатилган нормалар қонуннинг 2-моддасига кўчирилганлиги сабабли чиқариб ташланди.

Хусусан, қонунда журналист мақоми белгиланган. Замонавий профессионал журналистлик фаолиятни юритиш амалиётини ўрганиш шуни кўрсатмоқдаки, муайян мавзу бўйича ахборот тайёрлаш жараёнида ахборотни излаш, йиғиш, таҳлил қилиш, таҳрир қилиш, тайёрлаш ва тарқатиш журналистлик фаолиятнинг ажралмас қисмидир.

Шунингдек, хорижий қонунчиликни ўрганиш жараёнида маълум бўлдики, журналист ўзининг касбий фаолиятини амалга оширишда нафақат ахборотни йиғиш, таҳлил қилиш, тарқатиш билан, балки муайян мавзуда ахборотни таҳрир қилиш ва тайёрлаш билан ҳам шуғулланади.

Лекин амалдаги тахрир замонавий журналист касбий фаолиятининг ажралмас қисми хисобланган ахборотни таҳрир қилиш ҳамда тайёрлаш каби функцияларини қамраб олмаган эди. Шу сабабли журналистнинг мақоми кенгайтирилди. Киритилган ўзгартишга кўра «журналист меҳнатга оид ёки бошқа шартномавий муносабатлар асосида оммавий ахборот воситалари учун хабарлар ва материалларни тўплаш, таҳлил этиш, таҳрир қилиш, тайёрлаш ҳамда тарқатишга доир фаолиятни амалга оширувчи шахс» ҳисобланади.

Қонуннинг цензурага йўл қўйилмаслиги борасидаги 4-моддаси янги таҳрирда берилган:

«Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситаларининг цензура қилинишига йўл қўйилмайди.

Ҳеч ким журналистдан эълон қилинаётган хабарлар ёки материаллар олдиндан келишиб олинишини, шунингдек уларнинг матни ўзгартирилишини ёхуд бутунлай нашрдан олиб ташланишини (эфирга берилмаслигини) талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас эмас».

Журналистнинг ҳуқуқлари доираси «давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ва оммавий тадбирларида ҳозир бўлиш» банди билан тўлдирилди.

Журналистнинг мажбуриятларига эса «журналистлик сирини ошкор этмаслиги; журналистларнинг касбга оид одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиши каби бандлар билан тўлдирилди».

Қонун журналистларнинг касбга оид одоб-ахлоқ қоидаларига бағишланган 71-модда билан тўлдирилди.

Унга кўра, «журналистларнинг касбга оид одоб-ахлоқ қоидалари журналистнинг шахсига ва ўз касбига доир вазифаларни бажариш чоғида унинг хулқ-атворига қўйиладиган талабларни белгиловчи қоидалар мажмуидан иборатдир.

Журналистларнинг касбга оид одоб-ахлоқ қоидалари журналистларнинг ва оммавий ахборот воситаларининг бирлашмалари томонидан белгиланади».

Қонуннинг 15-моддасида журналистнинг жавобгарлиги масаласи акс этган бўлиб, жумладан, қонуннинг иккинчи қисмида қайси ҳолатларда журналист жавобгар бўлмаслиги нормаси белгиланган.

«Журналист оммавий ахборот воситаларида ҳақиқатга мос келмайдиган материалларни тарқатганлик учун қуйидаги ҳолларда жавобгар бўлмайди:

агар бу маълумотлар расмий хабарлардан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан ёки расмий статистика ҳисоботлари маълумотларидан ёхуд ахборот агентликлари ёки давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг матбуот хизматлари орқали, шунингдек уларнинг расмий веб-сайтларидан олинган бўлса;

агар бу маълумотлар олдиндан ёзиб олинмасдан эфирга бериладиган муаллифлик чиқишларида мавжуд бўлса ёки чиқишларнинг сўзма-сўз такрорланиши (стенография, аудио-, видеоёзуви) бўлса.

Қонуннинг тўлиқ матни 2018 йил 19 апрель куни матбуотда эълон қилинди.

Изоҳ билдириш