36444

Устанинг устамонлиги иш бермади

Ўзбекистон 19 апрель 12:12 357

Данғара тумани Чағали МФЙ га қарашли Чағали қишлоғида яшовчи фуқаро Назарова Фотимахон туман жамиятига ёзма мурожаат қилди. Мурожаатда баён қилинишича, истеъмолчи ўзининг J2 русумли телефон аппарати бузилиб қолганлиги сабабли Данғара шаҳарчасида жойлашган телефон аппаратларини таъмирлаш хизматларини кўрсатувчи устахонага бориб, шу ерда ишловчи Фахриддин исмли устага телефон аппаратини тузатиб бериши учун берган.

Аппаратни тузатиш учун олиб қолган уста унга ишдан чиққан жойи бор экан, янги эҳтиёт қисм қўйдим деб хизмат ҳақи учун 80000 (саксон минг) сўм пул сўраган, шунинг билан биргаликда эрта келинг, индин келинг, деб беш кун овора ҳам қилган.

Ўзи аслида «уста» телефонга ҳеч қандай янги эҳтиёт қисм қўймаган, телефон аппаратини тузатиш чоғида унинг экранига зиён етказиб синдириб қўйган экан.

Бундан у бешинчи куни ҳам уста телефонингиз тузалмаяпти, деб телефонни қайтариб бергач, бошқа устага мурожаат қилганида хабар топган. Кейинги телефон устаси истеъмолчига телефонингизга ҳеч қандай янги эҳтиёт қисм қўйилмаган, унинг айби бошқа жойида бўлган, камига у мана бу жойини ҳам синдириб қўйибди, деб батафсил тушунтириш берганидан сўнг Ф.Назарова Фахриддинни ёнига келиб унга ўз эътирозларини билдиради, телефон экранини ҳам синдирибсиз деган даъвони эса уста тан олмайди.

Истеъмолчининг мурожаати асосида туман жамият мутахассислари томонидан ўрганиш олиб бориш жараёнида устанинг эҳтиётсизлиги туфайли уяли телефонга зиён етказилганлиги ўз тасдиғини топди.

Устага «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддаси талаблари, хусусан мазкур модданинг 10-қисмига биноан «Истеъмолчидан қабул қилиб олинган ашё (материал) йўқолган, ишдан чиққан, унга путур етган тақдирда ёки истеъмолчининг материалидан фойдаланиб бажарилган ишда жиддий нуқсонлар бўлса ё у бузиб бажарилган тақдирда ижрочи истеъмолчига айнан ўхшаш сифатли ашёни қайтариши (ўзининг айнан ўхшаш сифатли материалидан иш бажариши ёки хизмат кўрсатиши), бунинг имконияти бўлмаган тақдирда эса, ашёнинг (материалнинг) талаб қўйилган пайтдаги қийматини икки баравар қилиб тўлаши шарт»лиги тушунтирилгач, у истеъмолчига етказилган зарарни қоплаб берди, яъни телефонга унинг ҳисобидан 530000 (беш юз ўттиз минг) сўмга янги экран қўйдириб берилди.

Изоҳ билдириш