2798

Қайси банкда маош учун «нақд» кўпроқ берилади

Иқтисод 7 апрель 17:05 484

Иш ҳақини ўз вақтида тўлаш ҳар бир компания ва корхона учун муҳим аҳамиятга эга. Бунда бизнеснинг катта-кичиклиги роль ўйнамайди. Хўш, банклар пластик карталарга ўтказилаётган иш ҳақларининг неча фоизини нақд кўринишда тақдим этади. Норма.уз сайти шу масалага ойдинлик киритишга уринган.

Президентнинг 2017 йил 2 февралдаги «Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чоралар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, биз маҳаллий тижорат банклари янги мижозлар (юридик шахслар)га бу борада қандай хизматларни таклиф қилаётганига қизиқдик. Уларга қўнғироқ қилар эканмиз, қуйидаги масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қилдик, дейди муаллиф.

«Янги ишлаб чиқариш корхонаси рўйхатдан ўтиш жараёнини якунлар экан, ўз ҳисобини очиш бўйича банкни танлайди. Бу тўқимачилик корхонаси бўлиб, йиллик маҳсулот айланмаси 1 млрд сўмни ташкил этади, ҳар ойлик иш ҳақи эҳтиёжи 30-35 млн сўмни ташкил этади, нақд пул кирим қилиниши режалаштирилмаяпти».

Айтиш жоизки, деярли барча тижорат банклари ўз расмий сайтларига эга, унда уларнинг фаолиятига доир маълумотларни олиш мумкин. Анча вақтдан бери таъмирлаш жараёни кетаётган сайтлар бундан мустасно.

Кўплаб банклар юридик шахсларга хизмат кўрсатиш тарифларини эълон қилади. Шу билан бирга, айрим банкларда абонентлик тўлови аниқ белгилаб қўйилган. Мижозга бир нечта тариф режаси тақдим этилади ва мижознинг ўзи қулай ва фойдалироғини танлайди. Шундай банклар ҳам борки, абонентлик тўлови алоҳида ҳисоблаб чиқилади. Бунда, белгиланадиган бадал пул айланмаси ҳажми, экспорт-импорт амалиётлари бор-йўқлиги, инкасса қилинаётган пул ҳажми, ойлик маошга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб белгиланади.

Дебет пул айланмасига доир комиссия белгиланишида ҳам шундай ҳолни кузатиш мумкин. Сўров натижасига кўра, катта айланмага эга мижозлардан 0,2 фоиз, камтарона пул айланмасига эга тадбиркорлик субъектларидан 1 фоизгача хизмат ҳақи олинади. Айрим банкларда ҳар бир бажарилган дебет амалиёти учун суммадан фоиз эмас, белгиланган тўлов олинади. Бунда дебет амалиёти ой якунига кўра ҳисобланмайди, балки айни амалиёт ўтказилаётган вақтдаги тўлов ҳажми ҳисобга олинади. Бундан ташқари, фақат чиқувчи амалиётлар учун ҳақ олинади. Кирувчи амалиётлар бепул амалга оширилади.

Албатта, банкларнинг сайтларида эълон қилинмайдиган қуйидаги маълумотлар ойлик маош тўлайдиган юридик шахсларда қизиқиш уйғотиши табиий. Унда тижорат банкларининг «карта/нақд»  кўринишада иш ҳақларини беришдаги фоиз нисбати акс эттирилган.

Маълумотлар 2017 йил март ойи ўрталарига доир

Таъкидлаш ўринлики, «Трастбанк» ХАБ буюртма асосида маош учун нақд пулни кўпроқ бера оладиган ягона банк эмас. Агар сиз ишчиларингизга кўпроқ нақд пул беришни хоҳлар экансиз, бунинг учун «Трастбанк»ка қўшимча ҳақ тўлашингизга тўғри келади.  Бошқа кўплаб банкларда «80/20» нисбатда маош берадиган бўлсангиз, сиздан ҳеч қандай комиссион ҳақ олишмайди.

Сўров вақтида шу нарса аниқланганки, жадвалда кўрсатилган рақамлар якуний ҳисобланмайди. «Ўзингиз тушунасизки, маош тўлашда «карточка/нақд» нисбатига доир саволлар телефон орқали ҳал этилмайди, бунинг учун сиз келинг ва биз барчасини муҳокама қиламиз», – дейишди бир неча банкларнинг пул бўлими ходимлари. Қатор молия идораларида эса, «банк сири»ни рўкач қилиб, телефон орқали бундай маълумотлар тақдим этилмаслигини айтишди.

«Банк сири тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, мижоз ва хизмат кўрсатувчи банк ўртасидаги шартномаларнинг муҳим жиҳатлари банк сири ҳисобланмайди. Мазкур қонуннинг 3-моддасида банк сирига тушунча берилган.

Шу билан бирга, муаллифнинг таъкидлашича, ҳамон нақд пулларни бериш масаласи оғриқли муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Афсуски, ойлик иш ҳақининг нақд қисмини олишга ариза топширилгач, бир неча кундан бир неча ҳафтагача кутишга тўғри келади.

Изоҳ билдириш