23253

Сифатсиз интернет ва мобил алоқа учун операторлар жаримага тортилади

Технология 10 ноябрь 8:49 502

Норматив ҳуқуқий ҳужжатларни муҳокама қилиш порталида Вазирлар Маҳкамасининг «Телекоммуникация соҳасида хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси умумий муҳокамага қўйилди.

Қарор лойиҳаси Ахборот технологиялар ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан тайёрланган.

Унда алоқа соҳасидаги меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар, давлат ва тармоқ стандартлари бузилганлиги ва кўрсатилган хизматлар сифатсизлиги учун молиявий санкциялар (жарима) миқдори янгиланди. Шунингдек, жарималарни ҳисоблаш тартиби қайта ишлаб чиқилди.

Қарор лойиҳаси талабларига кўра, молиявий жарима чоралари алоқа хизмат кўрсатувчи ташкилотларга нисбатан Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси томонидан ҳисобланади.

Ҳужжат лойиҳасида: почта алоқаси, алоқа тармоқлари орқали тақдим этиладиган хизматлар, маҳаллий телефон алоқа хизматлари, кабел телевидениеси, телевидение, радио алоқа, мобил алоқа ва интернет алоқа хизматлари бўйича жарималар миқдори кўрсатилган.
Масалан, 3G бўйича алоқа ўртача тезлик кўрсаткичларига амал қилмаслик (чоракда, норматив кўрсатишдан юқори бўлган ҳар бир ҳолат учун) — ЭКИҲнинг 0,1 баравар миқдорда жаримага белгиланиши кўзда тутилмоқда.

Алоқа хизмат кўрсатувчи корхона иш фаолияти юзасидан шикоят (корхонанинг айби бўйича), ушбу шикоят давлат органлари орқали келиб тушган бўлса (ҳар бир ҳолат учун) — ЭКИҲнинг 2 баравар миқдорда жаримага тортилиши мумкин.

Ҳужжат лойиҳаси 2017 йил 23 ноябрига қадар муҳокама қилинади.

Қарорни 2017 йил 1 декабрдан кучга киритиш кўзда тутилмоқда.

Барча фойдаланувчилар қарор лойиҳаси билан танишиб, у ҳақда ўз таклифларини билдиришлари мумкин.

Изоҳ билдириш