16581

Ўзбекистон «112» ягона фавқулодда хизмат рақамини жорий этишни режалаштирмоқда

Технология 30 август 11:15 5 966

Ўзбекистон «Хавфсиз шаҳар» тизимини жорий этиш доирасида «112» ягона фавқулодда хизмат рақамига босқичма-босқич ўтишни режалаштирмоқда, деб хабар берди Sputnik мухбири.

Ушбу масала Ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш вазирлиги ҳайъатининг пойтахтда бўлиб ўтган йиғилишида кўтарилди.

Бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида фуқаролар зудлик билан ёрдам кераклиги ҳақида мурожаат қилишлари учун ягона қутқарув хизмати рақами жорий қилинган.

Жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон ҳам мана шу йўлдан боришга қарор қилди. Ягона рақам орқали ҳар қандай фавқулодда ёрдам кўрсатиш хизматини имкон борича тез чақириш имконияти яратилади. Барча мурожаатлар маълумотларни қайта ишловчи ягона марказга келиб тушади ва тезкор чора кўриш учун тегишли тузилмага юборилади.

Ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш вазирлигининг тегишли бўлимларига Ўзбекистон ИИВ ва бошқа вазирлик ҳамда муассасалар билан биргаликда «Хавфсиз шаҳар» дастурий-аппарат мажмуасини қуриш ва ривожлантириш бўйича таклифларни кўриб чиқиш жараёнини тезлаштириш топширилди.

Ҳозирча ягона қутқарув хизмати рақамининг жорий этилганидан сўнг алоҳида рақамлар орқали мурожаат қилинадиган тезкор ёрдам хизматлари рақамлари бекор этилиши ёки этилмаслиги ноаниқ. Жаҳон тажрибасида кўпинча ягона хизмат рақами билан биргаликда алоҳида рақамлар ҳам сақланиб қолинади. Республикада ҳозирда бу рақамлар «01», «02», «03» ва бошқалардир. Бундан ташқари, кўплаб мамлакатларда ҳаттоки мобил телефонда SIM‑карта йўқ бўлса ҳам, телефон кодланган ёки блокланган бўлса ҳам 112 рақами орқали тезкор хизматларга мурожаат қилиш мумкин.

Изоҳ билдириш