1613

Президентимиз профилактика инспекторларини машиналар билан таъминлаш бўйича кўрсатма берди

Ўзбекистон 27 март 9:55 360

Шавкат Мирзиёев Юнусобод туманидаги Увайсий номидаги маҳаллада бўлиб, бу ерда фуқаролар йиғини ходимлари, профилактика инспектори ва аҳоли учун яратилган қулай шароитлар билан танишди. Бу ҳақда «press-service.uz» шундай ёзмоқда.

Марказда маҳалла раиси, котиб ва маслаҳатчилар, профилактика инспектори учун алоҳида хоналар қурилган, улар замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, мебеллар, тегишли адабиётлар билан таъминланган. Профилактика инспектори хонаси маҳалла ҳудудидаги жамоат объектларига ўрнатилган видеокузатув ускуналари орқали ҳудудни назорат қилиб туриш имкониятини берувчи монитор билан жиҳозланган.

Президент профилактика инспектори маҳалладаги ҳар бир хонадон билан яқин мулоқот ўрнатиши, кўчалар ва жамоат жойларини қатъий назоратга олиши зарурлигини таъкидлади. Одамлар ишга кетаётганда ҳам, ишдан қайтаётганда ҳам ўз маҳалласида аввало профилактика инспектори ва посбонларни кўрса, кўнгли тинч-хотиржам бўлади.

Профилактика инспекторларини хизмат уйлари, имтиёзли кредитлар ҳисобига машиналар билан таъминлаш, уларнинг яшаши ва самарали ишлаши учун барча шарт-шароитларни яратиш бўйича зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Марказда барпо этилган турли китоблар, компьютерлар ва интернет, минглаб электрон адабиётлар базасига эга кутубхона аҳолининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг ёйишда айни муддао бўлмоқда. Кўркам чойхона, новвойхона, «Гўзаллик салонлари», дўконлар, спорт ва болалар майдончалари одамларнинг зарур эҳтиёжларини қондириш билан бирга, ҳудуддаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Пойтахтимиз, қолаверса, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида мана шундай маҳалла марказлари бунёд этиш, аҳоли билан доимий мулоқот ўрнатиш, профилактика инспекторларига жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, фуқаролар осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, вояга етмаганлар билан самарали ишлаши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Изоҳ билдириш