13468

Президент солиқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича эксперт комиссиясини ташкил этди

Иқтисод 21 июль 15:02 346

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 июль куни солиқ тизимини такомиллаштириш бўйича доимий ишлайдиган эксперт комиссияни тузиш ҳақидаги фармойишни имзолади.

Комиссия бир ойда энг камида бир марта йиғилиш ўтказиб, солиқ солиқ соҳасидаги халқаро тажрибаларни ўрганиш ва республика солиқ тизимини ривожланган давлатларда қабул қилинган, чет эл инвесторлари учун тушунарли бўлган ва уларни Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритишга рағбатлантирувчи солиқ тизимларига мувофиқ тарзга келтириш бўйича таклифларни ишлаб чиқишни белгилаб олади.

Солиқ сиёсатини амалга оширишни мониторинг қилиш, мавжуд камчиликлар ва заиф нуқталарни аниқлаш, солиқ тизимини такомиллаштириш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш, жумладан солиқларни умумдавлат ва маҳаллийга тақсимлаш, соддалаштирилган солиқ солиш тартибларини такомиллаштириш, солиқларнинг тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, энергия тежамкорлиги, ер ва сув ресурслари, атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишдаги ўрнини ошириш ҳам муҳим вазифалар қаторида санаб ўтилди.

Комиссия тадбиркорлик субъектлари фаолияти самарадорлиги, корхоналарнинг молиявий барқарорлиги, иқтисодиётдаги ўзаро ҳисоб-китоблар ҳолати, дебиторлик ва кредиторлик қарздорлик ўсиши кўрсаткичларига солиқ юки таъсирини ўрганиш билан шуғулланади.

Эксперт комиссиясига вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва ташкилотлар мутахассисларини, шунингдек, мустақил экспертларни (чет элдан ҳам) ишга жалб этиш ҳуқуқи тақдим этилди.

Изоҳ билдириш