13270

Санкт-Петербургда Ўзбекистон Бош консуллиги очилади

Ўзбекистон 20 июль 10:22 413

Президент Шавкат Мирзиёев 19 июль куни Санкт-Петербургда (Россия) Ўзбекистон Бош консуллиги очиш тўғрисидаги қарорни имзолади, деб хабар қилди давлат раҳбари сайти.

Маълумотларга кўра, қарор «Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслари ҳуқуқ ҳамда манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлаш, уларга сифатли консуллик-ҳуқуқий ёрдамни кўрсатиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг миграция оқимларини мониторинг қилиш» мақсадида қабул қилинди.

Ҳужжатда таъкидланишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига Россия ТИВ ҳамда Санкт-Петербург шаҳри маъмурияти билан икки ойлик муддатда Ўзбекистон Республикасининг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консуллигини жойлаштириш, шунингдек, унинг фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал қилиш вазифаси юкланди.

Маълумот учун, Ўзбекистон айни дамда Россияда иккита дипломатик ваколатхонага эга: Москвадаги элчихона ва Новосибирскдаги бош консуллик.

Яқинда Ўзбекистон ТИВ раҳбари томонидан эълон қилинган маълумотга кўра, 2016 йилда Россияга 1,7 млн нафар Ўзбекистон фуқароси келган.

Изоҳ билдириш